Ўринбосарларга қийин бўлади(ми)?

 

Салмоқлаб кўрсам, Ўзбекистонимизда ўринбосардан кўпи йўқ экан. Яна шундай вазиятлар борки, ким бош, ким ёнбош эканини билолмай хуноб бўласиз.

 

ЎРИНБОСАРЛАР АРМИЯСИ

Дейлик, вилоят ҳокимининг 8 та ўринбосари, 8 та унга тенглаштирилган маслаҳатчи ва ёрдамчилари бор. Бир вилоятда 16 та ҳоким ўринбосари, 16 та хизмат машина. Уларнинг ҳар бири кундалик иши юзасидан ҳокимнинг олдига кириб-чиқиши, ҳисобот топшириши, ахборот киритиб бориши зарур. Тасаввур қилаяпсизми, ҳокимият тизимининг ўзида кунлик 16 та раҳбар билан ҳоким мулоқот қилиши, топшириқ бериши ва қабул қилиб олиши керак. Бу ўринда нозик нуқта шундаки, уларнинг ишини ҳокимдан бошқа ҳеч ким назорат қила олмайди, ҳокимда эса вақт муаммоси доим бўлади.

Вазирликлар миқёсига кўтарилсак, аҳвол бешбаттар. Битта вазирликда ўртача 10 та бошқарма, бундан ташқари қандайдир инспекция, ДУКлар, Марказлар бор. Уларнинг ҳаммасида раҳбар ва ўринбосарлар мавжуд. Тизим шунчалар кенг ва каттаки, эринмай санаб чиқсангиз, давлат персоналида жами 10 мингдан ортиқ ўринбосар борлигини кўрасиз.

Энг қизиғи, улар яна сон-саноқсиз ишчи гуруҳлари-ю, махсус комиссияларга раҳбарлик қилишади. Бу комиссиялар таркибига қарасангиз, бошқарма ва ташкилотларнинг раҳбарлари, ўринбосарлар бу ерда алоҳида иерархия бўйича таснифланади. Бир марта ҳисоблаб чиққанман. Дейлик, бир туман ҳокимининг ўринбосари ўртача 15 та комиссия ва ишчи гуруҳга раҳбар. Бу ишчи гуруҳ ва комиссиялар бежиз тузилмаган, юқори турувчи органлар шу тизим бўйича ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик ҳисоботлар тузишади. Энг қуйи тизимни оладиган бўлсак, МФЙ раисининг учта расмий ва битта жамоатчилик асосида ишлайдиган ўринбосари бор.

Хўп. Зарур экан, керак экан, шундай қилинди. Аммо уларни назорат қиладиган тизим борми? Шу пайтгача фақат ўринбосар бевосита бўйсунадиган раҳбар даражасида назорат бўлган. Энди ҳаммаси ўзгараяпти.

Шу йилнинг 22 июль куни “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда ўринбосарлар ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги, натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида шахсан жавобгар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдордир.

 

РАҒБАТ, ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИК ВА ХАЛҚ БАҲОСИ

Унга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилди. Вазирликлар ва идоралар раҳбарияти фаолияти кўрсаткичларини баҳолашда инсон омилини камайтириш мақсадида асосий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш орқали мавжуд ҳолатни аниқлаш имконини берувчи махсус электрон платформа ишга туширилади.

Давлат бошқаруви органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.

Ҳар йили ижро интизомининг аҳволи юзасидан баҳо беришни назарда тутган ҳолда ўринбосарлар фаолияти кўрсаткичлари давлат бошқаруви идоралари ва хўжалик бирлашмаларининг жамоавий органлари томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари асосида ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига баҳо бериш орқали уларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, ўринбосарлар фаолияти ҳар чорак якуни бўйича коллегиал орган йиғилишида танқидий муҳокама қилиниб, баҳоланади. Бунда раҳбар ўринбосарлари томонидан фаолият кўрсаткичлари ижроси 70 фоиздан кам таъминланганда — “қониқарсиз”, 71 фоиздан 90 фоизгача — “қониқарли”, 91 фоиздан 99 фоизгача — “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади. Коллегиал органлар томонидан раҳбарнинг тегишли ўринбосарлари масъулияти юзасидан таклифлар тайёрланади ҳамда таҳлилий материаллар билан бирга Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига киритилади.

Яна бир муҳим масала. Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш натижалари бўйича якуний таҳлилий материаллар, шу жумладан, уларни рағбатлантириш ёки интизомий чоралар қўллаш юзасидан аниқ таклифлар умумлаштирилади ва кўриб чиқиш учун Президент Администрациясига юборилади. Бунда заруратга кўра, ўз фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келаётган раҳбар ўринбосарлари лавозимини қисқартирган ҳолда уларга юкланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли департамент фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритилиши мумкин.

Шу ўринда бир савол туғилади: ўринбосарларнинг ойликлари ҳам шу асосида белгиланадими? Қарорга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари томонидан уларнинг ўринбосарлари фаолият кўрсаткичларини баҳолашнинг асосий мезонларидан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари билан келишган ҳолда уларнинг ойлик шахсий иш режалари тасдиқлаб борилади.

Демак, ишга қараб ҳақ тўланади. Ишлаган, тер тўкиб меҳнат қилган ўринбосарлар рағбатлантирилади, вазифасига лоқайдлик билан қараган ўринбосарлар ҳам шунга яраша жавобгар бўлади.

Яна бир гап. Жорий этилаётган давлат бош қаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими 2021 йил якунига қадар эксперимент тарзида амалга оширилади.

Қарорда, шунингдек, раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ижроси устидан мониторингни амалга оширишда асосий эътибор бериладиган бир қатор тизимли ва устувор масалалар белгиланган.

 

ДЕПУТАТ НИМА ДЕЙДИ?

— Тўғриси, шунча имконият ва шароитлар, ваколатлар берилишига қарамасдан вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари тизимида ўзига юклатилган функционал вазифаларни лозим даражада ҳамда масъулият билан бажариш борасида бир қатор камчиликлар мавжуд, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова. — Шу маънода, Президент томонидан имзоланган ушбу қарор бу борадаги тизимли муаммоларни, хато ва камчиликларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Қарорда раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ижроси устидан мониторингни амалга оширишда асосий эътибор тизимли ва устувор масалаларга қаратиш лозимлиги белгиланиб, улар учта асосий қисмларга бўлиниб, бир қатор вазифалар аниқ қилиб белгилаб берилмоқда. Хусусан, раҳбарлар ўринбосарларининг ижтимоий соҳадаги фаолиятига пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлима ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳар бир шахс билан якка тартибда ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш орқали аҳолининг, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг реал даромадларини ошириш борасида амалга оширган ишларига қараб баҳо берилади.

Янгича баҳолаш тизимининг ташкил этилиши, унда раҳбарларнинг ўз ишини масъулият билан бажариш баробарида энг яхши ишлайдиган ходимларни рағбатлантириш ва қониқарсиз ишлаётганларини эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача бўлган меъёрларнинг белгиланиши, ўйлайманки, ҳар бир раҳбарни уйғоқликка ва сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.

 

* * *

Одатда, жойларда учраётган муаммолар ҳақида кўп гапирамиз, баъзи соҳаларда ислоҳотлар натижаси кўзга кўринмаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Қайсидир тизим ижтимоий томондан муаммога дуч келаётган бўлса, қайсидир соҳа иқтисодий қўллаб-қувватлашга муҳтож. Лекин бир нарса аниқки, қайсидир раҳбарнинг эътиборсизлиги ёки масъулиятсизлик туфайли ҳам муаммолар илдиз отаверади. Режадаги ишлар бажарилган бўлса-да «мендан кетгунча» қабилида йўл тутаётганлар ҳам кўп. Аслида, бундай ишлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Президент қарори бундай “хўжакўрсин”ликка чек қўяди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29

 

 
← Рўйхатга қайтиш