Қонун устуворлиги таъминланиши шарт

 

Непотизмни қўллаган, унга рағбат кўрсатган шахслар, амалдор ва мансабдорлар бундай ҳаракатлари қонунга зид эканини яхши билсаларда бу каби ишлардан ўзларини тия олмаяптилар. Бу Тошкент вилоятида “Малибу” ҳайдовчилари билан боғлиқ қонунбузарликлар(1, 2) мисолида яна бир бор исботланди.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам қонун муҳофазачилари томонидан қонунбузарларнинг қилмишидан кўз юмилди. Бу ҳолатларда улар мансаб ваколатини суиистеъмол қилдилар ва қилмишлари учун қонунларга мувофиқ жавобгарликка тортилиши шарт.

Йўл-транспорт ҳодисалари ва улар туфайли юз бераётган фожиалар борасида мамлакатимиз дунёнинг олд мамлакатларидан бири ҳисобланишини яхши биламиз. Бу “натижа”га эришишда қоидабузар ҳайдовчилар, рўй-рост айтадиган бўлсак, уларнинг айбидан кўз юмадиган, уларни қўллаб юбораётган мансабдорларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ачинарлиси, кичик хатолар катта фожиаларга сабаб бўлмоқда: қоидабузар ҳайдовчилар томонидан содир этилаётган ЙТҲлар юзлаб оилаларга кулфат келтирмоқда. Бу ҳақда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган катта-кичик амалдорлар ҳам кўп бонг урмоқда, огоҳликка чақирмоқда. Иккинчи томондан эса қоидабузарларни “бир телефон” туфайли қилмишидан кўз юммоқдалар ва бу ҳолат билан асло муроса қилиб бўлмайди. Модомики, қонун олдида барча тенг экан, содир этган қилмиши учун ким бўлишидан қатъи назар жавоб бериши шарт.

Халқ демократик партиясининг бу борадаги позицияси қатъий ва ўзгармасдир.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

← Рўйхатга қайтиш