СОБИР АКБАРОВ ҲИКОЯСИ
Кўнгилдан кўчирмалар: “Ўшанда уч ёшда эдим. Ота-онам ажрашиб, дадам мени болалар уйига ташлаб кетди. Ҳаётимга қоронғулик чўккандек бўлди. Ахир бир онда ҳам онамдан, ҳам отамдан айрилдим. Атрофимда одам кўп, лекин мен ёлғизликдан қийналардим. Кўнглимни олишга ҳаракат қилишди, мен эса уларга муносиб жавоб қайтаришга интилдим. Шу зайлда йиллар ўтди. Етти ёшимда менга қадрдон бўлиб қолган маскандан ажратиб, янги оиламга топширишди. Бу 32-сонли Меҳрибонлик уйи эди”.
Бу изтиробли, маҳзун ҳикоя муаллифи – Собир Акбаров. У 1990 йилда дунёга келган бўлиб, айни дамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлайди. Ўз истагига биноан Бухоро иқтисодий банк коллежида таҳсил олган. Бу вақт давомида ҳамиша унга эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатиб келинган. Кейинчалик, яъни балоғат ёшига етиб, Меҳрибонлик уйидан кетгач, ҳаётнинг ҳақиқий синовларига дуч келди. 2009 йилдан 2014 йилгача маҳаллий ҳокимликдан уй-жой билан таъминлашда ёрдам сўраб қайта-қайта мурожаат қилади.
— Ноиложликдан Бухоро шаҳридаги ёпиқ бозорда аравакашлик қилиб, кун кўришни бошладим, — дейди Собир Акбаров. — Бошпанасизликдан қийналдим. Бозорда яшадим, тагимга музлаткичнинг каттакон қоғоз қутисини тўшаб, устимга бушлак ёпиб ётардим. Орадан 5-6 йил вақт ўтиб, оила қурганларга вақтинчалик, яъни 5 йилга шартнома асосида уй берилди. 64 киши ўша мослаштирилган бинода бир хоналик уйларда яшай бошладик.
2017 йилда оила қурдим, ҳозирда икки нафар фарзандим бор. Ишга жойлашишимда ҳам ёрдам беришди. 2020 йилга келиб эса вилоят ҳокимлиги ёрдами билан субсидия асосида уй сотиб олдим. Бошланғич бадални, яъни 22,5 миллион сўмни ҳомийлар тўлаб беришди. Қолган суммани кредит асосида ойма-ой тўлаб боряпман. Менга ёрдам қилган инсонлардан миннатдорман.
Тўғри, муаммоларим ортда қолди. Уй-жойли ҳам бўлдим. Лекин фарзандларимнинг бошига менинг куним тушиш арафасида турибди. Чунки аёлим билан келишолмай қолдик ва ажрашишга мажбур бўлдик. Айни пайтда алимент тўлаяпман. Афсуски, бу болаларимга бўлган меҳримни камайтирмаяпти, уларга эса менинг меҳримни етказиб бермайди...
ШОҲРУЗ НАРЗИЕВ ҲИКОЯСИ
У ҳам мана шу Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси. Олий таълим муассасасини тамомлаган, бироқ иш топишда муаммога дуч келмоқда. Унга таклиф қилинаётган вакант ўринларда 900 минг, бир миллион сўм ойлик бериларкан. Лекин, бу оила қуриб, рўзғор тебратиш учун етмаслиги кундек равшан.
— 5-сонли Болалар уйига ташлаб кетилганимда уч кунлик чақалоқ бўлган эканман, — дейди Шоҳруз Нарзиев. — Давлатимиз ғамхўрлиги боис кўчада қолмадим. У ер менга оила бўлди, тарбиячиларимиз эса ота-она вазифасини бажарди. Кейинчалик Меҳрибонлик уйига ўтказилдим. Ўқиш-ёзишни, касб-ҳунарга муҳаббатни ўша ерда ўргандим. Ота-онам ким, қаерда – билмайман. Менинг оилам ҳам, яқинларим ҳам шу уйда яшовчилар бўлди, давлатим бўлди. 2010 йил Меҳрибонлик уйини битиргач, Қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида ўқидим. У ерни тамомлаб, “Ўзтрансгаз” АЖда ишладим. Бу вақт орасида қийинчиликлар кўрмадим, дея олмайман. Бироқ уларнинг ҳаммаси майда-чуда ташвишлар эди.
Кейин Бухоро муҳандислик-технология институтига ўқишга кирдим. Енгил саноат йўналишида бу йил олийгоҳни битирдим. Яхшироқ ойлик маош тўлайдиган ишга кириш истагида кўп жойга мурожаат қилдим. Таклиф этилаётган ишларнинг ойлиги менинг мақсадларимни амалга оширишга етмайди. Ҳамма қатори мен ҳам оила қуриб, ўз уйимга эга бўлишни истайман. Бунинг учун эса иқтисодий таъминотим яхши бўлиши керак.
Айни пайтда Когон шаҳрида жойлашган ётоқхонада яшаб келяпман. Лекин у ердан ҳам чиқиб кетишимиз кераклиги ҳақида 5-6 марта хат келди. Борарга жойимиз, яшашга бошпанамиз бўлмаса, додимизни кимга айтишга ҳайронмиз. Баъзи миш-мишларга кўра, Бухоро шаҳридаги 7-кичик даҳада чин етим болаларга уй-жой ажратилган экан. Бироқ уни олган бирор кимсани эшитмадим.
АЛИЯ ЮНУСОВА ҲИКОЯСИ
— Қонунчилигимизга кўра, Меҳрибонлик уйи битирувчиларини 5 йил муддатга шартнома асосида уй билан таъминлаш назарда тутилган, — дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Алия Юнусова. — Агар шу вақт оралиғида фуқаро ўзига бошпана сотиб ололмаса, шартнома яна беш йилга узайтирилади. Лекин уларни уйидан чиқариб юбориш ҳуқуқи маҳаллий ҳокимият вакилларига берилмаган. Агар шартнома вақти тугаган бўлса, уйни бўшатиш ёки бўшатмаслик ҳақида фақатгина суд қарор чиқариши мумкин. Бошқача усулда уйни бўшаташни талаб қилиш қонунга ҳилоф ҳисобланади.
Биз билан суҳбатда бўлган ёшларнинг ҳаёт йўли осон кечмагани маълум. Зеро, ҳеч нима ота-она меҳри, оиладаги илиқлик ўрнини боса олмайди. Аммо бу қисмат. Ундан қочишнинг эса имкони йўқ. Шундан келиб чиқиб, уларга алоҳида эътибор кўрсатилади.
РАҚАМЛАР ҲИКОЯСИ
Юртимиздаги 13 та Болалар уйида 560 нафар, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда.
Бундан ташқари, 79 минг нафар болалар ҳомийлик, васийлик ва оила патронати қарамоғига олинган.
Сўнгги ўн йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг 51 фоизига уй-жой ажратилган. Меҳрибонлик уйларидан чиққан йигит-қизларнинг 64 фоизи иш билан таъминланган.
ИСТИҚБОЛ ҲИКОЯСИ
Токайгача шундай бўлади? Шундоқ ҳам кўнгли ярим улғайган бу юртдошларимиз ҳаётида ўзгариш бўладими-йўқми? Президент бошчилигида ўтказилган видеоселекторда масала шундай очиқ ва кескин тарзда қўйилди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эндиликда янги тартиб ўрнатилмоқда.
Унга кўра, буёғига Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларидаги ёшларнинг таълим-тарбиясига Ўзбекис тон Республикаси Миллий гвардияси масъул бўлади. Шу мақсадда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб, махсус бошқарма ташкил этилади.
Шароити оғир бўлган Меҳрибонлик уйлари Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликлари томонидан оталиққа олинадиган бўлди.
Шунингдек, Миллий гвардия, мактабгача таълим, халқ таълими, маҳалла ва сектор вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилади. Уларга васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларнинг аҳволи, оилавий шароитидан ҳар ҳафта хабар олиш юклатилади. Ушбу тоифа болалар 18 ёшга тўлгунига қадар улар учун маҳаллий бюджетдан 1 миллион 200 минг сўм, ногиронлиги бўлганларга эса республика бюджетидан 2 миллион 500 минг сўм тўланади. Ногиронлиги бўлган болаларни ўз қарамоғига олган оилаларга уларнинг парвариши даврини меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилади.
ЖУРНАЛИСТ ҲИКОЯСИ
Бўлдими? Шу билан ҳаммаси ижобий бўлиб, ўзгариб кетадими? Йўқ, албатта. Бу муаммонинг илдизига қарсангиз, муаммо тарихи анча чуқур эканлигига амин бўласиз. Гап айланиб, яна ва яна оиладаги тўғри тарбия, оила масъулияти, ўз жуфтига вафо ва садоқат мавзусига бориб тақалади.
... 100 йиллар бурун Қўқонда илк «детдом» очилганда, милллатимиз зиёлилари не кунларга қолдик, деб йиғлаган экан. Бугун эса юртимизда 29 та шундай муассаса бор. У ерда минглаб болалар эшикка термулиб, оиласини тасаввурда соғиниб яшайди.
Улуғ Ғафур Ғулом айтганидек, бу болаларнинг бошини силагувчи қуёшдек меҳрибон ватани бор, кўчага ташлаб қўйилмайди. Аммо, яна 100 йилдан сўнг манзара қандай бўлади – шунисини ўйлайман. Орадан бир аср ўтгач, “Ўзбекистон овози” газетасининг ўша пайтдаги ёш ва қизиққон мухбири бизга таъна тошларини отмасмикан?
Мактабларда жорий этилган “Тарбия” фани ўқитувчиларига айтинг, дарсини ҳалоллаб ўтсин. Юрагини бағишлаб сабоқлар берсин гулу лолаларимизга. Токи, йиллар ўтгач, улар орасидан ўз дилбандини етимликка маҳкум қиладиган манқуртлар етишиб чиқмасин...
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29