МАХСУС ШИФОХОНА БОШ ВРАЧИ БИЛАН СУҲБАТ
Қарийб иккинчи йилдирки, коронавирус дунё аҳлига таҳлика туғдиришда, инсон организмига зарар етказишда давом этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан тортиб, олимлару давлат ва ҳукумат раҳбарларигача ушбу иллатга қарши курашиш, унинг олдини олиш чораларини кўраяпти. Бироқ, касаллик чекинай демаяпти, янги штаммлар пайдо бўлаяпти, вазият жиддий ва мураккаб тус олмоқда. Негадир одамлар орасида карантин талабларига бўйсунмаслик, мутахассис тавсияси ва кўрсатмаларига тўлиқ амал қилмаслик урф бўлди.
Тошкент вилоятидаги коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус 2-сонли “Зангиота” шифохонаси бош врачи Дониёр Миразимовнинг сўзларига қараганда, айни пайтда вирус ёш танламаяпти. Ҳеч қандай ёндош касаллиги бўлмаган кишилар ҳам 70-80 фоиз ўпка зарарланиши билан келаётгани, ҳаттоки, ҳаётдан кўз юмаяпти.
— Шифохонадаги бугунги ҳолат ва вируснинг тарқалиши ҳақида нима, дея оласиз?
— Шифохона 18 гектар майдонда қурилган бўлиб, 2 минг ўринга мўлжалланган. Айни пайтда деярли тўлиқ қувватда ишлаяпти. Чунки беморлар жуда кўп келяпти. Мурожаат қилувчилар сони июнь-июль ойларида кескин ошиб кетди. Кунлик кўрсаткич 650-700 га яқинлашди. Пойтахтимизда ихтисослаштирилган марказларнинг қайта очилиши келувчилар сонини бироз камайтирди. Шундай бўлса-да, вазиятни кўнгилдагидек, деб баҳолай олмаймиз.
Коронавирус мутацияга учраб, хасталикнинг янги штамлари пайдо бўлгани сир эмас. Бу эса ўз навбатида хавфлилик даражасини оширди. Эндиликда вирус белгилари эрта кўзга ташланиб, тез ривожланмоқда. Аввалига 14 кунгача давом этган жараён ҳозирда 3-4 кунда юзага чиқмоқда. Унинг аломатлари ҳам ўзгарди. Иситма, тумов, кўнгил айниши, иштаҳасизлик сингари ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Вирус ҳар бир организмда ўзгача кўринишда ривожланмоқда ва энг заиф органга таъсир кўрсатяпти, уни ишдан чиқаряпти.
— Вирус кўпроқ қайси органларга зарар етказмоқда?
— Дунё олимларининг фикрича, ушбу вирус, аввало мия га таъсир қилади. Инсон мияси энг нозик орган бўлиб, у бутун танамизни бошқаради. Бироқ унинг неча фоиз зарарлангани ҳақида билишнинг имкони йўқ. Ўпкага тушса, у ерда пневмония ҳосил бўлади ва бу МСКТ орқали кўринади. Мияга бўлган таъсирни фақатгина одамнинг хатти-ҳаракатларига қараб хулоса қилиш мумкин.
Корнавирус туфайли мияда гегель баррэ синдроми юзага келмоқда. Бу оёқ-қўлларнинг ишламай қолиши билан таснифланадиган хасталикдир ва унда мускуллар тўлиқ шол бўлиб қолади. Ҳамкасбларимиздан бири 6 ойдан буён ушбу ташхис билан ётоққа михланган. Яна бири эса 4 ой даволаниб, кейин оёққа турди. Умуман олганда, кимнинг қайси органи нозик бўлса, ўша жойга вирус «ҳужум» қилади. Кимдадир бироз хасталик бўлса ҳам уни ривожлантириб юборади.
Энг ёмони, аксарият беморларда депрессия кузатилмоқда. Тушкунлик эса ҳар қандай хасталикнинг энг яқин «дўсти» ҳисобланади. Коронавирусга чалинганларда бу кўпроқ кузатилмоқда. Бирор бир бемор йўқки, келган илк кунларида табассум қилса. Барчасида кучли қўрқув, ваҳима бор. Тузалиб, аҳволи яхшиланаётган бўлса, шундагина кулиши мумкин. Ҳаво етишмаслик оқибатида секин-аста ҳаётдан кўз юмиш энг қўрқинчли ўлим ҳисобланади. Коронавирусда нафас ўпкага етиб бормайди. Мазкур вазиятда мия жуда ҳам қийналади, чунки мия буйруқ беради нафас олишга, бироқ бунинг имкони йўқ. Сабаби ўпкада вирус яшаяпти, ривожланяпти ва кислородга тўсқинлик қиляпти.
— Яна қандай ҳолатда органлар фалажланиши мумкин?
— COVID-19нинг яна бир хавфли томони у томирларга трамбоз беради. Яъни, организмга тушган вирус қонни қуюқлаштириб, майда томирларда ивиб қолишига сабаб бўлади. Тромб ҳосил бўлган нуқтада қон айланиши тўхтайди ва бу ҳар қандай жойда юзага келиши мумкин. Афсуски, қон бормаган аъзо ишдан чиқади. Шу сабабли беморларни антикоагулянтлар билан муолажа қилиш буюриляпти. Мазкур турдаги препаратлар қоннинг суюқлашиши ва айланиш тизими фаоллашишини таъминлайди.
Ўтган ҳафтада бир беморнинг оёғи омпутация бўлди. Чунки оёғига борадиган артериалда қон қотиб қолиши натижасида унинг бир қисми ўлган. Ушбу аъзо қорая бошлагач, уни кесишга тўғри келди. Тасаввур қилинг, айнан шундай ҳолат юракда, ўпкада ёки мияда кузатилса, қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Ҳаёт ва ўлим орасидаги ҳарир пардалар бузилади, ҳеч қандай тўсиқ қолмайди.
Биз таъкидлаган ҳолатларга тушмасликни истаган ҳар қандай инсон ўзини эҳтиёт қилиши зарур – энг муҳим қоида шу!
Зилола АНВАР қизи суҳбатлашди.
“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29