Чилла чиқаяпти — хўш, уни қандай кузатаяпмиз?

 

Халқимизда чилла билан боғлиқ удумлар, маросимлар, иборалар, мавсумий ишлар жуда кўп. Янги оила – чиллалик, оғир касал бўлса – момолар чилёсин ўқийди, қишнинг қаҳратонида мевали дарахтларга чилла суви берилади, қадимий мадраса ва хонақоҳ ертўласида, албатта, чиллахона бор, чақалоқ туғилса момолар 40 кун чиллага олади, халқ оғзаки ижодида мушкулотга йўлиққан ботирларга қирқ чилтон ёрдамга келади. Хуллас, чилла ажабтовур сирли-сеҳрли, пафосли тушунча, менталитетимизга мустаҳкам ўрнашган образ.

 

НИМА УЧУН АЙНАН ҚИРҚ КУН?

Ҳаммамиз қизиқиб, катталардан шулар ҳақида кўп сўраганмиз, тўғрими? Аслини олганда ҳам қизиқ-да. Ёз чилласи кириши билан момоларимиз “пойабзалсиз юр, чиллада фойдаси катта”, дейишарди. Бобо-бувиларимизнинг сир-синоатларга бой ҳикояларини тинглаб, чиллада нима қилиш мумкину нима мумкин эмаслиги ҳақида илк тасаввурларимиз уйғонгани ҳам рост.

Атрофимиздаги ҳодисалар ҳақиқатан ҳам чилла билан боғлиқми? Узоқ йиллар, асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ушбу ёзилмаган қонунлар, халқ тили билан айтганда “ўлмас анъаналар”нинг моҳиятида нима ётади ўзи? Бу саволларга аниқ жавоб бериш мушкул. Қолаверса, чилла нега айнан 40 кун эканлигини ҳам ҳеч ким билмайди. Аммо, шу 40 кунда табиат бошқача бўлади, ростдан ҳам бир бутун давр сифатида муайян об-ҳаво ҳукм суради.

Сирасини айтганда, бу йил ҳукуматимизнинг пойдор ташаббуслари туфайли чиллага оламшумул фестиваллар, концертлар билан кириб келдик. Мана, эндиликда чилладан 50 кишилик тўйлар, геометрик прогрессия бўйича ривожланаётган коронавирус инфекцияси, халқимизни чирмаб олаётган пневмония, вакцина атрофидаги шубҳали гаплар билан чиқиб кетаяпмиз. 40 туяга юк бўладиган бу гапларнинг даромади битта – соғлом бўлиш, ҳаёт гулини авайлаш керак. Бинобарин, чилла билан боғлиқ маросимлар моҳиятида ҳам шу фалсафа туради.

 

5 АВГУСТ: ЁЗ ЧИЛЛАСИ БИЛАН ХАЙРЛАШАМИЗ, АММО МАВҲУМИЯТ ЧИЛЛАСИ ДАВОМ ЭТАДИ

Барно ОДИЛОВА, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори:

– Қадимда ота-боболаримиз чилланинг 1 куни қолса ҳам қўрқ, дейишарди. Моҳиятига, мазмунига эътибор берадиган бўлсак, чилла баъзи ҳодисаларнинг энг оғир, хатарли ёки масъулиятли даврини англатувчи тушунча. Халқимизнинг азалий анъаналарига кўра, қирқ кунлик давр “чилла” ёки “саратон”, деб аталади. Бу давр бевосита мамлакатимиз иқлими, физик-географик жойлашуви билан белгиланади. Ўртача энг юқори ҳарорат аслида чилла даврига тўғри келади.

– Ёшлигимиздан момоларимиз шу асосида иш тутишган. Бу бежизга эмас-да, – дейди 84 ёшли Улфатхон Отажонова. – Чақалоқ туғилгандан кейинги 6-8 ҳафталик муддат чилла даври ҳисобланади. Масалан, чақалоқ туғилган уй чиллали уй ҳисобланади. Бу даврда айнан шом вақтида кўп нарсалар чекланади. Шомда келган меҳмонларга чақалоқ кўрсатилмайди, кеч тушиши билан боланинг ювилган кийимлари ташқарида қолдирилмайди, онага ҳам шом вақти ташқарига чиқиш ман этилади. Чилланинг 40-куни эса чақалоқ «тилла суви»да чўмилтирилади. Бунда онанинг барча тилла тақинчоқлари челакдаги сувга солинади ва бола шу сувда чўмилтирилади. Бу «боланинг ҳаёти тилла каби тоза бўлсин», деган маънони англатади. Кейин чилладан эсон-омон чиққани учун юпқа пиширилади, яқинларга, қўни-қўшниларга тарқатилади, чақалоққа янги уст-бош кийдирилади. Чилла чиққанининг белгиси сифатида она ва чақалоқ меҳмонга боришади.

Чилла чақалоқ ва аёл саломатлиги учун ниҳоятда муҳим давр эканлигини замонавий тиббиёт ҳам тасдиқлаган. Аммо, чилласи чиқмай нобуд бўлаётган чақалоқлар, сифатсиз тиббий хизмат, коронавирус юқтирган оналардан туғилган болалар масаласи ҳали кун тартибига чиққани йўқ. Энг алам қиладиган реал ҳақиқат шуки, ўтган бир йил давомида бизнинг тиббиёт пандемия билан курашиш техникасини ўзлаштира олмади. Бугун қуйи тизимга, исталган олис туман ёки шаҳар поликлиникасига борсангиз, беморлар аралаш-қуралаш ётганини, COVID-19 га гумон қилинган беморларга қараётган ҳамшираларнинг ўзи тўлиқ ҳимоя остида эмаслигини кўрасиз. Ундан ҳам ачинарлиси, шифохоналарда жой йўқ, COVID тасдиқланса ҳам ўша бемор ҳеч қаерга кетолмайди. Шундай, инсон ёзнинг, қишнинг чиласидан чиқади, чидайди, аммо мавҳумлик, тушунарсизлик чилласидан чиқиш чўзилиб кетади. Чўзилиб кетди ҳам.

 

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА НИМА ГАПЛАР?

Деҳқонларимизнинг айтишича, ушбу қуёшли кунлар улар учун ғанимат. Айниқса, совуқ кунлардан «толиқиб» чиққан экинларга чилла суви тараш кони фойда. Айниқса, бу пайтда ғўза парваришида сувдан унумли фойдаланиш тадбирлари муҳим ўрин тутади. “Чилла суви – тилла суви”, деб бежизга айтишмайди-да, ахир.

Янги барпо этилган боғ ва токзорлар июль ойида 2–3 маротаба қондириб суғорилиши анъанага айланган. Деҳқонларнинг айтишича, чилла суви, айниқса, ғўза парвариши учун кони фойда экан. Айнан июль ойида экин қатор ораларига ишлов бериш орқали тупроқнинг майин, донадор бўлишига эришиш ўсимликнинг ривожланишини таъминлайди, пировардида, сувсизликка чидамлилигини оширади.

Лекин тўхталмоқчи бўлганимиз яна бир масала. Биз ўзбекларда “Тўйдан кейинги чилла”, “Чақалоқ туғилгандан кейинги чилла”, деган қадриятлар бор. Чилланинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Айтмоқчи бўлганимиз, бу қадриятми ёки эскича қарашми?

Булар-ку, бўладиган гаплар, эски ҳақиқатлар. Аммо, нақд гап шуки, жорий ёзнинг чилласи деҳқончилик учун ниҳоятда оғир келди. Чилла бошларида кучли шамоллар кўпайди, нечалаб мевали дарахтларнинг шохлари синиб кетди, ўсимликлар пояси шамолда тебраниб, ётиб қолди, ҳосил чўғи пасайди. Ундан кейин эса аномал иссиқлик даври бошланди. Бир томонда сув етишмовчилиги, бошқа томонда чиллада ёққан дўл, жала, сойларни тўлдириб оққан сел...

Хусусан, Косонсойдаги сел, ҳалок бўлган 8 жон, тоғ дарёлари ва сойлари бўйида дам олишни ташкил этувчи меҳмон уйлари фаолиятини жиддий тартибга солиш заруратини кун тартибига чиқарди.

Айни шу кунларда эса чорва озуқа етишмовчилиги хатари қаршисида турибди. Умуман, ҳукумат вазиятни ўнглаш учун жиддий қадамлар ташламаса, қишлоқ хўжалигида ўтган йилги кўрсаткичларга эришиш қийин бўлади.

 

ЧИЛЛАДА ЧУМАК УРГАН БОШҚА ВАҲИМАЛАР

Ҳа, бу йил чиллада бир қатор тушунарсиз ишлар бўлди. Жуда кўп ташкилотларнинг пухта ўйланмаган қадамларини кўрдик. Тушунарсиз карантин, Тошкент қарантинга ёпилади, деган ваҳимали баёнот, кейин эса ҳеч нима бўлмагандек юришлар, хуллас, халқ аросатда қолди.

Толибон июнь охирига келиб, чегарамиз остонасида пайдо бўлди. Дастлабки қочоқлар Ўзбекистонга ўтди, уларга ёрдам кўрсатилди ва ўз юртига қайтариб юборилди, бетарафлик сақланди.

Бу йил ёз чилласида ёнғинлар ҳар қачонгидан кўп бўлди. Айниқса, Жомбойдаги “Зарафшон миллий табиат боғи”, Зоминдаги ўрмон ёнғинлари яқин келажакда ёввойи табиатга саёҳатни назорат этувчи ташкилотлар – Туризм ва спорт қўмитаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари олдига янгича масъулият қўймоқда.

Энг асосийси, коммунал соҳа бу йилги чиллада халқ нафратига учраганини яширишнинг ҳожати йўқ. Ташқарида аномал иссиқлик, ичкарида – хонадонда сув йўқ, электр йўқ, одамлар қаёққа борсин?

Партия очиш васвасасига учраганлар ҳам шу ёзда роса авжига чиқди. Кейин ўз касбига қайтганини эълон қилди. Аммо, нима бўлганда ҳам сиёсий ҳаётимизга янги кучлар қўшилмоқчи бўлаётгани, партиялар фаоллашаётгани барчамизни сергак торттириши шарт. Гап бу кучларнинг уринишида эмас, танлаган йўли ва услубида, ғайриоддий даъволарида.

Шундай қилиб, бу йилги чиллада шундай воқеаларга гувоҳ бўлдик. Чиллада чумак урган бу ваҳималар кўнглимизга ғулғула солгани ҳам рост. Аслида, оғир, хатарли ёки масъулиятли даврни англатувчи чилла даври тугаши билан бундай нохушликлар, дилни хира қиладиган ҳодисалар ҳам чиқиб кетишидан умидвормиз!

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29

 

← Рўйхатга қайтиш