Тақдир туҳфаси

 

Куйласа чолғуси бир,

Йиғласа қайғуси бир.

Халқ мақоли

 

Миллион йиллардирки, тарих чархпалаги тинмай айланади. Ҳаёт гоҳ у, гоҳ бу тарзда давом этмоқда. Олис ўтмиш кишилик жамиятининг турли кўринишларига, турли ҳолатларига гувоҳ. Дарҳақиқат, минг йиллар мобайнида халқлар вужудга келди, миллатлар шаклланди. Фақат турли-туман мақсадлар йўлида улар гоҳ қовушиб, бирлашиб кетишди. Гоҳ рақибга айланиб, бир-бирини мавҳ этишгача уринишди. Бироқ халқларнинг ҳақиқий яқинлиги, руҳий муштараклиги, маънавий уйғунлиги ҳеч қачон ўз кучини йўқотмади, аксинча, у турли даврларда турли жангу-жадалларда тобланди. Тафаккур, ақл-идрок қиличдан устун келди.

Марказий Осиё ҳам ана шундай турли қирғинбарот урушларга майдон бўлган не-не тажовузларни, босқинчиликларни, мустамлакачилик ва зўравонликларни кўрган. Бунга кўҳна тарих гувоҳ. Бироқ, бу замин эгалари ана шу зиддиятларнинг ҳаммасига бардош бериб яшашди. Она замин, она юрт меҳрини ҳеч нарсага алмашмади.

Марказий Осиё халқлари руҳияти асрлар мобайнида бир-бирига туташиб, маънавий, диний ва ахлоқий муносабатлари уйғунлашиб кетган, яшаш тарзлари ва урф-одатлари муштарак бўлиб, ягона, улкан ва жонли вужудга айланган эди. Шунинг натижасида қондошу жондошлик, бир бутунлик анъаналари таркиб топди.

Маънавий, руҳий ва фикрий яқинлик ҳамиша, ҳамма нарсадан устун келган. Шунинг учун ҳам донолар “Кишини дўстлар ичидаги қашшоқлик, ётлар орасидаги тўкинчиликдан кўра кўпроқ бахтли қилади”, дейишган. Бу асрлар мобайнида аждодларимиз синовидан ўтган ҳодиса.

Бизнинг миллат, миллатлараро муносабатлар, миллий маданият, яқин қардош халқларнинг маданий мероси, этник муаммолари, жуғрофий ва иқтисодий бирлиги ҳақидаги тасаввурларимиз ўзгармоқда. Янги тарихий шароитларда вужудга келаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар Марказий Осиё мамлакатлари, халқлари тарихи, уларнинг келиб чиқиши, ўзига хос турмуш тарзи ва яқин қўшничилик муносабатларига ҳар доимгидан бошқачароқ қарашни тақозо этмоқда.

Қолаверса, ҳозирги ривожланган мамлакатларда давлатлараро минтақивий ҳамкорлик сиёсий ва иқтисодий мазмундан бирмунча чуқурроқ – маънавий-руҳий мазмун касб этмоқда. Бу ҳозирги замон жаҳон цивилизациясининг энг илғор йўналишларидан бири сифатида тан олинмоқда. Нон дўстинг бўлмасин, жон дўстинг бўлсин, деган шарқоний ақида бутун моҳияти билан дунё сарҳадларида ўз таъсирини кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, маънавиятга асосланган дўстлик ва ҳамкорлик ҳар қандай моддиятдан ва тор “миллий” тушунчалардан устун туради.

Кишилик тарихида цивилизация дунёнинг турли минтақаларида турли шаклда юз берган. Ва ана шу ҳудуд аҳолиси руҳиятига ўзининг кучли таъсирини ўтказган. Халқ дунёқараши ва турмуш тарзига сингиб борган. Жумладан, цивилизация Юнонистонда нафосат, Ҳиндисонда дин, Европада моддий техника, Туронда эса ахлоқ шаклида вужудга келган.

Қадимий Туронда азалдан ахлоққа катта эътибор билан қаралган. Юксак инсоний фазилат, инсонни миллатидан қатъи назар барча мавжудотларнинг сарвари сифатида қадрлаш, маънавий камолот ва етуклик, адолат, инсоф, диёнат ва имон каби сифатлар тирикликнинг бош мазмуни сифатида тушунилган. Халқларимиз дунёқараши, мақсад ва интилишларини ўзида ифода этган халқ оғзаки ижоди намуналари ҳам шу замин аҳлининг бутун руҳиятини қамраб олган. Жумладан, ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ халқларида «Алпомиш», туркман, озарбайжон ўлкасида, Хоразм ва Тошкентда “Гўрўғли” достонларининг, қирғизларда “Манас” халқ эпосининг вужуга келиши, уларда қарийб бир хил – эзгулик ва ёвузлик, яхшилик билан ёмонликнинг ўзаро кураши, охир-оқибатда эса эзгулик ва яхшиликнинг тантанаси донишмандлик, ақл-идрок, хушхулқ ва хушфеъллик асосий омил, бош мақсад қилиб олинганлиги ана шу халқлар қарашларининг уйғунлигидан далолат беради.

Мазкур халқларнинг тарихий этник жиҳатдан ўтмиши кишилик тарихининг муқаддимасига бориб тақалади. Минг йиллар мобайнида ҳали қулдорлик пайтидаёқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари ягона турмуш тарзини бошдан кечиришган, Миср ва Вавилон билан ёнма-ён қадимий Бақтрия ва Суғдиёна давлатчилиги вужудга келган. Аждодларимиз – ота-боболаримиз эрамиздан олдинги минг йилликларда ҳам турли тажовузларга қарши курашишган.

Тил – халқларни яқинлаштирувчи энг қудратли ва энг таъсирчан восита, тил – қалб ва руҳ асосида вужудга келади ва тафаккурни ифодалайди. У ўзида инсоннинг жамики ҳис-туйғуларини, ақл-идрокини, фикр-борлиғини мужассам этади, айни пайт да уларни ифодалаб беради, кўнгилларни кўнгилларга боғлаб, қарашларни уйғунлаштирадиган қудратли восита.

Қадимдан бир дарёдан сув ичиб, бир заминда шаклланган туркийзабон халқлар жамики иқтисодий-ижтимоий манфаатлар бирлигидан ташқари, маънавий жиҳатдан ҳам яқин эдилар, уларни умумий тил бирлаштириб турар эди. Чунончи, Туронда форс тили адабиёт ва санъат тили, араб тили фан тили, туркий тил эса давлат ва ҳарбий тил сифатида баравар юритилган ва бир хил мақомга эга бўлган. Шунинг учун ҳам хоҳ ҳарбий, хоҳ бошқа соҳа кишиси бўлмасин, бу улкан ҳудудда ҳамма баравар уч тилда гапириб, уч тилда ёза олган. Ибн Сино ёки Беруний асарларини араб тилида ўқиган одам Саъдий ёки Ҳофиз шеъриятини ҳам, Умар Ҳайём фалсафасини ҳам, давлат бошқаруви расмий тилини ҳам тўла тушунган ва мукаммал билган. Ана шу уч тил муштараклиги туфайли бир ҳудудда туркийларнинг кўпдан-кўп қавмлари билан бирга форсийлар ҳам муштарак орзу-умид лар билан яшашган. Уларнинг азалий ва абадий тақдирлари ана шу зайлда юзага чиқиб ва бизгача етиб келган.

Руҳий, маънавий яқинлик жаҳон тарихидаги буюк силжишларга, умуминсоний қад риятларнинг кескин ривожланишига сабаб бўлган. Чунки худди ана шу юксак инсоний фазилатлар барқ урган, жамики ҳатти-ҳаракатлар юксак ахлоқ ва маънавиятга асос ланган бир шароитда дунёвий илмларнинг янги мўъжизавий кашфиётлари яратилган. Бутун дунё аҳли онги ва тафаккурида туб бурилиш ясалган.

Марказий Осиё халқлари тарихида, айниқса, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Темурийлар сулолалари алоҳида ўрин тутади. Бу уч авлод нафақат Туронда, балки, Афғонистон, Эрон ва Ҳинд диёрини бирлаштириб олган улкан бир ҳудудда илму урфон, маданият, иқтисод ва турмуш тарзи учун катта тараққиёт ишларини амалга оширишган.

Мингдан минг таассуф билан шуни айтиш керакки, собиқ СССР ҳукмронлиги пайтида миллатлар майдалаштирилиб, умумий қарашлар ўртасида “Хитой девори” тикланди. Натижада онгимиз ва тушунчаларимизга чегара солинди, миллий маҳдудлик қобиғида биқиниб қолдик. Майда нарсалар атрофида ўралашиб, шунга яраша майда фикрлайдиган ҳолатга тушдик, охир-оқибатда ўзимиз ҳам майдалашиб кетдик. Яъни, нима Қозоғистонники, нима Ўзбекистонники? Ким қаерда туғилгану қайси тилда ижод қилган? Энди у қайси миллатга мансуб? Форобий ўзбекми қозоқ? Ибн Сино тожикми ўзбек?..

Бундай саволлар атрофида йиллаб тортишдик, умримизу имкониятларимизни ана шундай майда ва асоссиз мунозараларга сарфладик. Бундан эса фақат “улуғ оғачилик” сиёсатини юритувчиларгина фойдаланишди, холос. Ваҳоланки, улуғ аждодларимиз бунчалик майда бўлишмаган эди. Улар учун бутун инсоният битта одам эди. Инсон бахту саодати, тўкис ва фаровон ҳаёти, армонсиз умри ҳақида ўйлашган эди.

Ҳозирги воқелик Марказий осиё давлатларининг умумий якдиллиги, чегараларнинг очиқлиги, халқларимизнинг эркин кириб-чиқиш имконияти тарихимизга ҳам, олис истиқболимизга ҳам, аждодларимизга хос донишмандлик билан, маънавий ва ахлоқий юксакликдан туриб қарашнинг эҳтиёжи сифатида юзага келди. Марказий Осиё халқларини бирлаштириб турадиган, уларнинг этногенетик асосларидан келиб чиқадиган тарихий сабоқ бор. Бу бевосита улуғ аждодларимиз қарашлари ва орзу-умидларини чуқурроқ ўрганиш билан боғлиқ бўлган катта илмий, маърифий, маънавий ва ахлоқий ҳодиса. Улар ҳеч қачон тор маҳаллийчилик доирасида яшашмаган.

Натижада фанда оламшумул кашфиётлар, санъат ва адабиётда мислсиз кўтарилишлар, маънавият ва ахлоқда етуклик, давлатчилик ва бошқарувда ғоят инсонпарварлик ва адолат қарор топган, тирикликнинг улкан бир қисмида Марказий ва Жанубий Осиёда юксак тараққиёт юз берган.

Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигини вужудга келтириш, уларнинг суверенитетини тўла ҳурмат қилган ҳолда, қадимдан ҳамкору ҳамфикр бўлган халқларни яқинлаштириш ва шу асосда мураккаб ижтимоий, ҳаётий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш янги ренессанс ҳодисасини рағбатлантирувчи ҳолат дейиш мумкин. Айни пайтда бу минтақа халқларининг ўзаро яқинлашувига, маънавий-руҳий қувват олишига ва ижтимоий ҳаёт мазмундорлигини оширишга хизмат қилади. Айни пайтда ҳудудда соғлом маънавий-руҳий вазият юзага келади.

Ҳозирги замон жаҳон тараққиёти шундан далолат берадики, ҳеч бир мамлакат якка ўзи бошқа давлатлар, хусусан, яқин қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмасдан ривожлана олмайди. Ўз халқи эҳтиёжларини ҳар томонлама қондириш имкониятига эга бўла олмайди. У қайсидир мамлакат билан ҳамкорлик қилиши, қўшни давлатлар билан умумий бозорни вужудга келтириши, маҳсулот айирбошлаши, транспорт-коммуникация, алоқа, савдо, фан ва маданият соҳасида, ижтимоий соҳанинг бошқа йўналишларида биргаликдаги саъй-ҳаракатларини чуқурлаштиришни тақозо этади.

Ана шундай йўлдан бормаган мамлакатлар ҳам мавжуд. Жумладан, Африкадаги Сомали, Судан, Замбия ва бошқа мамлакатларда фақат ўз кучлари ва имкониятларига таяниб иш тутиш нақадар аянчли эканлигини кўрсатди. Бу мамлакатларда уруғ-аймоқчилик, тожу тахт учун кураш ташқи қарзларнинг кўпайишига, омманинг камбағаллашиб, қашшоқлашиб боришига, қолаверса, мамлакат бошқарувининг издан чиқишига олиб келди.

Қадимий Турон ҳудудидаги беш мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги замонавий цивилизациянинг эҳтиёжи. У жиддий сиёсий, иқтисодий, ижтимоий тараққиёт йўли! Миллий равнақ, тинч-тотув яшаш, ўзликни намоён қилиш сиёсати! Ҳар томонлама ривожланиш ва порлоқ истиқбол сари қўйилган самарали, ишонли қадам. Қудратли, етук ва шаклланган иқтисодий иттифоқни вужудга келтириш ана шу минтақа халқлари ҳаётида муҳим бурилиш ясаш билан баробар.

Умуман олганда, Марказий Осиё хонадони – қадимий хонадон. У нурли, файзли, шукуҳли, баракали хонадон. У ўз шонли тарихига, буюк анъаналарига, дунёвий маданиятига эга бўлган улкан ва файзли оила. Ана шу минтақада ҳозир мавжуд бўлган тарихий анъаналарни давом эттириш, уни янги тарихий шароитларда бойитиб бориш, келгуси авлодга ҳар томонлама етук, баркамол жамиятни мерос қолдириш ҳаммамизнинг бурчимиз.

Тарихий тақдир бизга Марказий Осиёдек, серқуёш, тароватли, мурувватли, битмас-туганмас бойликларга макон бўлган заминни ҳадя этди. Минтақадаги табиий, географик имкониятлар беҳисоб ана шундай қутлуғ макон узоқ аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолди. Уни бус-бутунлигича, бутун маҳобати ва салобати билан олис келажакка ҳадя этиш ҳаммамизнинг бурчимиз.

Тошкент форуми бизни яна бир бор ҳушёрликка чақирди. Мавжуд ижтимоий-сиёсий жараёнлар, минтақа тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун ҳаммамиз масъул эканлигимизни яна бир бор таъкидлади. Бу умумпланетар чақириқ Марказий Осиё халқларининг интеллектуал имкониятларини, ақлий салоҳиятларини, бой тарихий тажрибаларини умумлаштириб, нажот майдонимиз бўлган ва Марказий Осиё деб аталган маҳобатли хонадонимизни асрашга чақиради.

 

Нарзулла ЖЎРАЕВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Муаллиф таҳририятга қўнғрироқ қилиб, жамоага омад тилади, “Ўзбекистон овози”да ишлаганини хотиржамлик ва ғурур билан эслади. Устоз мақомидаги инсон “бир мақола бор эди”, деб гап бошлаганидаёқ хурсанд бўлдик. Ҳурматимиз кўп, саҳифаларнинг ўлчами кичикроқ. Домланинг ижозати билан айрим қисқартиришларга қўл уришга мажбур бўлдик. Мулоҳазали, мунозарали мақолаларни ҳамма устозлардан кутиб қоламиз. Юз йиллик даргоҳнинг меҳрли эшиклари ҳар доим очиқ...

 

 

“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29

 

 
← Рўйхатга қайтиш