Давлатимиз раҳбари куни кеча имзолаган қарорни таъбир жоиз бўлса, халқимизни маънавият, гўзаллик ва тадбиркорликка ундовчи муҳим ҳужжат деб аташ мумкин. Қарор республикамизда гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, миллий ҳамда хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчиликнинг сир-асрорларини оммалаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қарор билан республикамизда гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, шу жумладан, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, уюшма ва Қишлоқ хўжалиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди. Жумладан:
— тадбиркорлик субъектларини гулчилик ва кўчатчилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни билим ва кўникмаларига эга бўлиши учун ўқитиш, шунингдек, бу жараёнга хорижий мамлакатлардан малакали кадрларни жалб қилиш;
— гулчилик соҳасига оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда иштирокини таъминлаш;
— хорижий давлатлардан экспортбоп гул навларини парваришлаш учун олиб келиш ва уларни маҳаллийлаштириш, шунингдек, парваришланган гулларни экспорт қилиш ишларни ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш бу борадаги устувор вазифалар сифатида белгилаб берилди.
Эътиборлиси, қарорда гулчиликка ихтисослаштирилган туманлар ҳам аниқ белгилаб берилди. Улар Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан, Олтинкўл, Наманган вилоятининг Наманган, Давлатобод ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманларидир. Ушбу туманларнинг танланишида улардаги иқлим шароити, ер унумдорлигига алоҳида эътиборга олинган. Шунингдек, гулчилик кластерлари ташкил этилиб, у гул етиштириш ва экспорт жараёнининг муҳим бўғинига айланади.
Яна бир жиҳати, гулчиликка ихтисослаштирилган Андижон, Жиззах ва Наманган вилоятларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга очиқ майдонда ҳамда иссиқхоналарда гул етиштириш бўйича агротехник тадбирларни ўргатиш, шунингдек, ҳар бирининг ер майдони 2 сотих бўлган 25 та “Гулчилик ўқув полигон”ларни ташкил қилиш учун 0,5 гектар ер майдони ташаббускор тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, қарорда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига гулчиликка оид мутахассислик фанларни киритиш, Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган гул етишитирувчи тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида “Гулчиликка ўқитиш маркази” фаолиятини йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлардан эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш, халқаро гуллар фестивали ва кўргазмалари ташкил этиш ҳамда илмий конференцияларни ўтказиш соҳага оид замонавий хорижий адабиётларни олиб келиш ва таржима қилиш каби бир қатор йўналишларда амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилдики, буларнинг барчаси юртимизда гулчилик соҳасини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қарорнинг қабул қилиниши янги иш ўринлари яратилишига, халқимизни гулчилик соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиши учун янада кенгроқ имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.