Таътилдаги талабалар нега мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда

 

Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган хабарларга кўра, телеграмдаги «KAF fakulteti dekanati» гуруҳида талабалар Мустақиллик тадбирларида иштирок этишга чақирилган. Изоҳларга кўра, 29 июлдан 31 августга қадар 1, 2 ва 3 босқич талабалари тадбирга тайёргарлик жараёнида иштирок этишлари шарт. Акс ҳолда, уларга амалиётни ўтаганликлари тўғрисида баҳо қўйилмайди ва келгусида навбатдаги босқичга ўтиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Бундан ташқари, тадбирларда сиртдан таҳсил олаётган талабалар иштирок этиши ҳам таъкидланган.

Маълум бўлишича, бу Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти талабаларига тааллуқли ва бунда талаба қизлар иштирокига алоҳида эътибор қаратилган.

Коронавирус пандемияси даврида, мамлакатимизда вирусга чалиниш ҳолатлари ўсиб бораётган бир пайтда бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ва уларга талаба ёшларни жалб этилиши ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди. Байрам ва оммавий тадбирлар ўтказилмаслиги тўғрисида Махсус комиссиянинг қарори бўла туриб, унга зид иш қилишни асло оқлаб бўлмайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу масалани назоратга олиши ва айбдорларга нисбатан тегишли чора кўриши лозим. Қайд этиш керак, вазирлик бундай тадбирларда иштирок этиш мажбурий меҳнат ҳисобланиши тўғрисида шунга ўхшаш ҳолат содир этилгани учун муносабат билдирган эди. Вазир тўғри таъкидлаганидек, бу каби ишларга талабалар кўнгилли тарзда, ўз хоҳишларига кўра жалб этилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳеч ким мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги, уларни хоҳиш-истакларига зид тарзда ишга мажбурланмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Халқ демократик партияси Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти маъмурияти томонидан миллий қонунчиликни юқорида баён этилган ҳолатда қўпол тарзда бузишга уриниши билан асло муроса қилолмайди ва айбдорларга нисбатан жавобгарлик чораси кўрилишини сўрайди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

← Рўйхатга қайтиш