ХДП Пленуми: қурултойда кўриб чиқиш учун номзод кўрсатилди, партия рамзлари янгиланди

 

2021 йил 7 август куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги IV пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари, масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилди. Бу йилги сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод кўрсатиш, партиянинг навбатдаги қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби, партия қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги масалалар муҳокама марказига қўйилди.

Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштироки ҳақидаги масала юзасидан партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов сўзга чиқди.

Ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, электоратимиз вакиллари, сайловчиларда сиёсий-ҳуқуқий билим ва фаоллик кучайишида бу долзарб аҳамиятга эга. Бугунги шароитда партиямизнинг жамиятдаги нуфузи электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётганимиз, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганимизга қараб баҳоланади, деди партия етакчиси.

Халқ демократик партияси, энг аввало, ижтимоий тенглик, ижтимоий барқарорлик ва халқ фаровонлиги ғояларига содиқ қолган ҳолда мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш сиёсатини изчиллик билан давом эттириш тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда. Мамлакат фуқароларининг манфаатларига мос келувчи ушбу сиёсатни амалга оширишга қодир бўлган шахс номзодини Президент сайловида илгари суришни мақсад қилган.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Ворисова Мақсуда Азизовна партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилди.

Сайлов кодексига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар бошқа зарурий ҳужжатлар билан бирга Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади. Марказий сайлов комиссияси мазкур ҳужжатларни 5 кунлик муддатда кўриб чиқиб, ариза қаноатлантирилган ҳолатда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.

Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ҳақида якуний қарор қабул қилишга фақат партиянинг Қурултойи ваколатли ҳисобланади.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги рамзини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам қизғин муҳокама этилди. Партия Марказий Кенгашида тузилган махсус ишчи гуруҳи бу йўналишда чуқур таҳлилий иш олиб борди, жаҳон мамлакатлари сиёсий партиялари тажрибалари ўрганилди, давлатчилик ва сиёсий мафкуралар тарихи тадқиқ қилинди.

Пленумда ишчи гуруҳи партиянинг янгича сиёсий брендини яратиш, логотипини янгилаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди. Ўзбекистонда сиёсий жараёнларда катта янгиланишлар, ўзгаришлар рўй бераётган даврда Ўзбекистон Халқ демократик партияси рақобат майдонида кучли позицияга эга бўлишга интилмоқда. Мутахассис ва экспертлар, фаоллар ҳамда фахрийлардан партиянинг кўп йиллик рамзларини ўзгартириш бўйича 30 га яқин таклифлар олинди. Ишчи гуруҳ узоқ муҳокамалардан сўнг танлаган таклифлар бўйича фикр-мулоҳазалар ҳам тингланди.

Халқ демократик партиясининг янги логотипи параллелограмм шаклида бўлиб, бинафша ва оқ рангда акс эттирилган, марказида “XDP” деган ёзув туширилган.

Рамздаги бинафша ранг – меҳр-оқибат, саховатлилик рамзи бўлиб, етакчилар, лидерлар ранги ҳисобланади. Ушбу ранг партия ўз электорати вакиллари манфаатини ҳимоя қилишга, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигига ишорадир.

Оқ ранг тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий бирдамлик ва барқарорлик каби азалий ва эзгу ғояларни ифодалайди.

Таклиф ва мулоҳазалардан сўнг Халқ демократик партиясининг янги логотипи ва байроғи қабул қилинди.

Пленумда муҳокамаэтилган барча масалалар юзасидан ЎзХДП Марказий Кенгаши IV пленуми тегишли қарорларни қабул қилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

Теглар

Пленум sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш