Туҳмат жамият ва инсонлар ҳаётида учрайдиган энг жирканч иллатдир. Туҳмат – бир инсон ҳақида бошқа бир инсонда нафрат уйғотадиган нарсаларни айтиб, унда йўқ айбларни унга тўнкашдир. Бу билан одамлар орасига нифоқ тушади. Бу иш катта бузғунчиликка олиб келади, унинг кетидан ёвузлик ва ёмонлик туғилади. Шунинг учун “оғзига келганни демак нодоннинг иши, олдига қўйганни емак, ҳайвоннинг иши”, деб бежиз айтишмаган. Бу билан биз Qalampir.uz таҳририяти журналисти Феруза Нажмиддинова ноҳақ, нопок туҳматга учради, деб айтмоқчимиз. Профессионал, ўз касбининг устаси, моҳир ва таниқли журналист Феруза Нажмиддинова билан бир неча йилдан бери ҳамкорлик қиламиз. Унинг ҳеч қачон ўз шаънига ва ғурурига зид иш қилганига гувоҳ бўлмаганмиз. Феруза синглимизни ўз касбига, оиласига садоқатли, иффатли, одобли, журналистика оламида ўз ўрнига эга аёл деб биламиз.
Бизнингча, иғвогарона ва туҳмат хусусиятига эга видеонинг қасддан тарқатилиши ҳуқуқ ва ахлоқ нормаларига, мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатга зид ҳаракат. Сўз эркинлиги ва очиқлик ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида эълон қилинган Ўзбекистонда, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, журналист, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш жиноят.
Қонунчиликда ёлғон ахборот тарқатганлик, туҳмат, порнографик мазмундаги маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни ОАВ ва интернет тармоқларида тарқатиш учун жавобгарлик мавжуд эканлигини эслатиб ўтамиз. Биз журналистнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, унинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилмоқчи бўлган шахсларнинг ҳаракатларини қоралаймиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўришга чақирамиз.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати