Аҳоли билан мулоқот: Муаммо, ечим ва самара

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида «Аёлларга кўмак» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.

Тадбир халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Ширин Алдабергенова иштирокида аҳоли учун ташкил этилган сайёр қабул билан бошланди. Унда хотин-қизларни қийнаётган масалалар, муаммолар муҳокама этилди.

1945 йил туғилганман. Турмуш ўртоғим анча йиллар илгари вафот этган. Бир нафар фарзандим бор. У депутатимиз кўмаги билан “Ёшлар дафтари”га киритилиб, давлат ташкилотига ҳайдовчи бўлиб ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, оиламизга пандемия даврида озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам берилди. Фурсатдан фойдаланиб, бизни ёлғиз қўймаган Ўзбекистон ХДП ва депутатимизга ташаккур билдираман, – дейди депутут қабулида бўлган Ирина Ходжамқулова.

Яна бир фуқаро Малика Ибрагимова ишсизлиги сабаб “Ёшлар дафтари”га киритилган. Икки нафар вояга етмаган фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаб келмоққда. Унинг муаммоси ҳал қилиниб, маҳаллага жамоатчилик асосида ишга қабул қилинди.

Ҳудудимизда 5876 нафар фуқаро истиқомат қилади, – дейди Ширин Алдабергенова. – Шундан 2852 нафари аёллардир. Биринчи босқичда аҳолининг 52 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган эди. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиб, аксариятининг муаммолари ҳал қилинди. Иккинчи босқичда 83 нафар хотин-қиз дафтарга киритилди.

Куннинг иккинчи ярмида маҳаллада истиқомақ қилаётган I-гуруҳ ногирони Озода Рўзиева хонадонига бориб, ҳолидан хабар олинди.

Икки нафар фарзандим бор, – дейди О. Рўзиева. – Бундан 11 йил илгари юролмай қолдим. Кўп даволандим, фойда қилмади. Тақдирим шу экан деб, таслим бўлмадим. Фарзандларим учун кайфиятимни кўтариб, кунлик рўзғор юмушлари билан банд бўлдим. Яқинда набирали бўлдим. Бундан жуда ҳам хурсандман. Яхши ва ёмон кунимда Ширин опа мени ёлғизлатиб қўймади. Уйимиз жуда таъмирталаб бўлиб қолганди, опанинг кўмаги билан ҳозир уйимиз таъмирланаётганидан жуда хурсандмиз.

Тадбир сўнггида яқинда 33 миллион кредит олиб, тадбиркорликни йўлга қўйган Дилрабо Тошева фаолияти билан танишилди.

Қўлимда ҳунарим бор эди, лекин уни амалга ошириш учун менда жой масаласи муаммолигича қолиб келаётган эди. Депутатимиз билан бу мавзуда кўп суҳбатлашганмиз. У кишининг ёрдами билан кўп қаватли уйнинг ер тўласидан тикувчилик қилишим учун жой ажратилди. Берилган имтиёзли кредитга 5 та тикув машинаси олиб, фаолиятимни бошладим. Ўзимга ўхшаган 5 нафар ишсиз аёлни ишга олдим. Ҳозир уларга тикиш сирларини ўргатяпман.

Биз билан суҳбат давомида Д. Тошева фаолиятини кенгайтирмоқчи эканлигини таъкидлади. У субсидия олиб, хомашё харид қилиб, яна 10 нафар хотин-қизни бандлигини таъминламоқчилигини билдирди.

Тадбир давомида билдирилган таклиф ва муаммолар бўйича депутатлик сўровлари тегишли ташкилот ва корхоналарга жўнатилди.

 

Хуршида НАРЗИЕВА,

Ўзхдп навоий вилоят кенгаши сектор мудири

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш