Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви ҳам ташаббусларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбари интеграцион жараёнларга хизмат қилувчи қатор ташаббусларни илгари сурди. Бу ташаббуслар ҳам нафақат минтақа халқлари, балки дунё халқлари манфаатига хос эканилигини таъкидлаш ўринли. Айниқса, пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги муаммолар ўткир тус олган. Дунёнинг айрим минтақаларида нархлар ўсиши ва асосий озиқ-овқатларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда. Шунинг учун давлатимиз раҳбари минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, биринчи йиғилиш кун тартибига озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича минтақавий тизимни жорий қилиш масаласини киритиш таклифини билдирди. Бу озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда уларнинг сифатини назорат қилиш, шу жумладан, жаҳон бозорига етказиш бўйича аниқ йўналишлар ва қўшма дастурларни белгилаб олишга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда пандемияга қарши курашишни мувофиқлаштириш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам ҳаётий муаммога айланган. Президентимиз шу мақсадда тест натижалари ва эмлаш сертификатларини тан олиш бўйича ягона ахборот тизимини ишга тушириш, юқумли касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш, фармакологияда илмий ҳамкорликни ҳамда ҳаётий муҳим дори воситаларини ишлаб чиқаришда кооперацияни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.
Мамлакатларимиз тараққиётида минтақа аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этаётган ёшлар муҳим ўрин тутади. Зеро, минтақа дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан аҳолисининг нисбатан ёшлиги билан ажралиб туради. Бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш давом этаётган бугунги кунда Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масаласини ҳар бир халқаро форум ва тадбирлардаги чиқишида илгари сурмоқда. Давлатимиз раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этдики, бу мамлакатларимиз ҳукуматлари ва ёшлари ўртасида ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, интерфаол мулоқотни йўлга қўйиш учун платформа шакллантиришда муҳим қадам бўлади.
Умумий маданий маконимизни янада ривожлантириш халқларимиз қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Ушбу саммит муҳим воқеа – давлатларимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида ўтгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Ўтган йиллар барча минтақа учун қийин, мураккаб давр, юксалиш ва пасайиш даври бўлди. Фақат якдиллик, биргаликда, жипс бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, олдинда турган муаммоларни ечиш мумкин.
Минтақавий ҳамкорлик ҳақида сўз кетар экан, “халқ дипломатияси”, парламентлар, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси салоҳиятидан янада кенг фойдаланилгандагина интеграция жадал тус олади. Парламентаризмнинг роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Президентимиз Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф этди. Бу таклифнинг амалга ошиши, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтирибгина қолмай, қонунларимизни бир-бирига яқинлаштириш, менталитети бир-бирига яқин бўлган халқлар вакилларининг ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришга хизмат қилади.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учта (биринчи Маслаҳат учрашуви 2018 йил 15 март куни Остона шаҳрида, иккинчиси 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди) саммити Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақада ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш борасидаги қатъий сиёсий иродаси ва садоқатининг яна бир яққол тасдиғи бўлди.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилди. Aгар 5 йил олдин Ўзбекистон Марказий Осиёнинг интеграция жараёнларида «секинлаштирувчи фактор» деб айтилган бўлса, бугун бу ёрлиқ Ўзбекистондан бутунлай олиб ташланди. Чунки бугун президентимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон минтақадаги интеграция жараёнларини фаол равишда илгари сурмоқда. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ўзаро фойда ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олинган ҳолда ривожланмоқда. Муносабатларимизнинг ушбу учта устуни барча муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди.
Кейинги пайтларда ўзаро ёрдам ва коронавирус тарқалиши оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган қўшма чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ ва конструктив сиёсати тўғри эканлигини исботлади. Пандемия хавфига қарамай, бугунги кунда минтақа мамлакатлари ўртасида фаол ҳамкорлик мавжуд. Давлат раҳбарлари доимий равишда телефон орқали мулоқот қилишади. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатлар бир-бирига ижтимоий ёрдам кўрсатишни бошладилар. Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ёрдам юборди. Бунга жавобан Қирғизистон ва Тожикистон сингари қўшниларимиз Сардоба сув омборини тиклаш учун инсонпарварлик ёрдамини кўрсатдилар. Яратилган дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик муҳити пандемия шароитида Марказий Осиё мамлакатлари ва умуман улар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,