Жорий йилнинг 5-6 август кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга бўлди. Мамлакатимиз президенти Туркманистонга сафари доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Аваза шаҳрида бўлиб ўтадиган 3-маслаҳатлашув учрашувида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу сафар ҳам Юртбошимиз минтақа давлатлари тараққиётига оид муҳим ташаббусларни илгари сурди. Айниқса, минтақа ичидаги савдони кенгайтириш, тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш муҳим экани қайд этилди. Бу эса мамлакатларимиз тадбиркорлари ва ҳудудлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантиришга, инвестициялар оқимининг кўпайишига хизмат қилади. Президентимиз таъкидлаганидек, Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битим қабул қилинса, бу иқтисодиётларимизнинг драйверига айланади.
Мамлакатимиз раҳбари кейинги пайтларда Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш масаласига жуда кўп тўхталмоқда. Бу бежизга эмас. Кенг ривожланган ва интеграциялашган транспорт тизими Евроосиё қитъасининг муҳим транзит “хаб”ига айланишга қодир. Бундай вазиятда минтақа давлатлари транзит давлати сифатида катта фойда кўради. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари мавжуд транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини, шу жумладан, Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларини имкон қадар тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга чақирди. Бундан ташқари, Ўзбекистон келажакда “Термиз – Мозори Шариф – Кобул - Пешовар” трансафғон йўлаги, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” автомобиль ва темир йўллари имкониятларидан фойдаланиш ниятида.
Бугун пандемия туфайли давлатлар ўртасидаги транспорт қатновлари чекланиб қолган. Шу билан бир қаторда айрим сабабларга кўра, анча йиллар олдин Туркманистон билан йўловчи ташувчи авиақатновлар тўхтаб қолган эди. Бугунги мураккаб вазиятда санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш муҳим экани Президентимиз томонидан яна бир бор қайд этилди. Минтақада миллий иқтисодиётлар ва аҳоли сони ўсиши таъсирида энергетик хавфсизлик масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан умумий энергетика маконини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бунда “яшил” энергетика ва энергия тежамкор технологияларни жадал жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди. Дунёда иқлим ўзгараётган бир паллада “яшил энергетика” га ўтиш Париж халқаро битимида кўзда тутилган шартларни бажаришга ва аҳоли фаровнлигини таъминлашга кўмаклашади.
Албатта, мамлакатимиз ташқи сиёсатдаги энг муҳим вазифалардан бири давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ички ривожланиши, ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишини таъминлаш, ҳаёт сифатини кўтариш учун қулай ташқи шароитни яратиш ҳисобланади. Иккинчи вазифа – Ўзбекистон атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантиришдир. Айнан мамлакатимиз жойлашган минтақадаги хавфсизлик барқарор ривожланишнинг энг асосий шартидир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари – бизнинг бевосита қўшниларимиз билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб берди. Ўзбекистон раҳбари ташаббусига биноан сўнгги тўрт йилда минтақанинг барча мамлакатлари билан олий даражадаги ташрифлар алмашинуви амалга оширилди. Минтақа давлатлари етакчилари ўртасида сиёсий мулоқот ўзаро ишончга асосланган мунтазамлик ва доимийлик касб этди. Бундай мулоқотлар давомида Марказий Осиё давлатларини қизиқтирадиган хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш ва экология соҳаларида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муҳим қўшма қарорлар қабул қилинмоқда. Натижада, тарихан қисқа вақтда Ўзбекистоннинг минтақадаги барча давлатлар билан муносабатлари тубдан яхшиланди. Давлат раҳбарлари ўртасида очиқ ва ишончли сиёсий мулоқотнинг мустаҳкамлаш натижасида минтақадаги қўшнилар билан муносабатларда 2016 йилгача мавжуд бўлган кўплаб мураккаб муаммоларга ечим топилди. Сиёсий алоқаларнинг фаоллашуви иқтисодий муносабатлар ривожланишига ҳам туртки бўлди. Қўшни мамлакатлар билан савдо-сотиқнинг ривожланиши минтақанинг инвестицион жозибадорлиги ошишига замин яратмоқда. 2020 йил якунига кўра, минтақага киритилган жами хорижий сармоялар қиймати 37 миллиард долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 40 фоизга ошди. Бу рақамлар қисқа муддатда қанчалик ўсишга эришилганини яққол ифода этади. 2017 йилда минтақанинг ялпи ички маҳсулоти 253 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига келиб, пандемия бўлишига қарамай, бу кўрсаткич 300 миллиард долларга етди. Минтақа давлатларининг хорижий мамлакатлар билан савдо айланмаси ҳам 2020 йилда 168 миллиард долларга етиб, 56 фоизга ошди. Буларнинг барчаси узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат самарасидир. Юртимизда ва минтақамизда эришилаётган бундай муҳим натижалар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани қувонарлидир. Қолаверса, ташқи сиёсат соҳасидаги дадил қадамлар туфайли Ўзбекистонга халқаро ҳамжамиятнинг ҳурмат-эътибори ошди. Шу билан бирга, Марказий Осиё якдил минтақа сифатида баҳоланишига эришилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган 72-сессиясида давлатимиз раҳбари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Ўтган йиллар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири - Марказий Осиё мамлакатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш эканини тасдиқлади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли бугун минтақада мукаммал янги сиёсий муҳит яратилди, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш мустаҳкамланмоқда. Давлатлар раҳбарлари ўртасида фаол мулоқот йўлга қўйилган, барча даражадаги алоқалар кенгаймоқда. Давлат чегараси, транспорт коммуникациялари, фуқароларнинг ўзаро борди-келдилари ва бошқа кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ечимларга эришилди. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйган бўлиб, бу икки томонлама муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,