Бугун Ўзбекистон халқи муҳим сиёсий-ижтимоий воқеа арафасида турибди. Президент сайлови халқимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, давлатимизнинг равнақи, дунё ҳамжамиятидаги мавқеи мустаҳкамланиши билан боғлиқ долзарб жараён ҳисобланади. Давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ўтадиган сайловлар орқали шакллантириш демократиянинг олий кўринишидир. Фуқаролар сайлов орқали давлат бошқарувида ўзининг овози, сиёсий иродаси билан бевосита иштирок этади. Таъкидлаш керакки, партиямиз мустақил Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловида иштирок этган ягона сиёсий партиядир. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Шу маънода, партиямиз навбатдаги президентлик сайловида ҳам иштирок этишга қарор қилди. Сайловда иштирок этиш билан боғлиқ Стратегиясини ишлаб чиқди. Ушбу стратегия бошқа сиёсий рақибларимизникидан фарқ қилади. Президентликка номзод ҳақида гапирганда энг аввало шуни таъкидлаш керакки, қарийиб ярим миллиондан ортиқ партиядошларимиз орасида, юқори даражадаги давлат бошқарув органлари раҳбарлари, сиёсат ва жамоат арбоблари, ўз соҳасининг етук мутахассислари, бир сўз билан айтганда, юртимиз равнақи ва тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган шахслар жуда кўп. Шу ўринда жаҳон тажрибаси ва партиямизнинг 30 йиллик сиёсий майдондаги фаолияти, тўплаган тажрибаси ҳамда сиёсий қарашларини эътиборга олган ҳолда, партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари партия фаоллари билан маслаҳатлашиб, кўплаб таклифларни ўрганди. Барча Президент сайловларида иштирок этган партиямиз шу пайтгача аёл номзодни номзод сифатида илгари сурмаган экан. Қолаверса, бутун дунёда гендер тенглигига амал қилиб, давлат бошқарувида аёллар номзодларини илгари суришга катта эътибор қаратилмоқда. Шу ва бошқа омиллар, хусусан, партиямизнинг ижтимоий ҳимоя, гендер тенглиги, аёлларнинг ҳуқуқи ва эркинликларини ҳисобга олиб аёл номзодини илгари сурдик. Бошқа томондан, аёл номзодни кўрсатиш орқали халқнинг, аёлларнинг эътиборини қозонишни истадик. Партиямиз электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Ворисова Мақсуда Азизовнани партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатдик. Мақсуда Ворисова нафақат, сиёсатчи, матонатли аёл, балки халқ муаммоларини яхши биладиган инсон ҳамидир. Халқ демократик партияси сайловда ғалаба қозонишни ва ўзининг дастурий вазифаларини амалга оширишни ўз олдига нафақат орзу, балки мақсад қилиб қўйган. Бу нафақат М. Ворисова шахсига нисбатан бўлган ишонч, бу партиянинг ғоялари, мақсадлари ва дастуримизга бўлган ишонч ҳамдир. Халқ биздан бугун уни қийнаб турган муаммоларини тизимли ҳал қилишимизни кутяпти. Партиямиз номзоди ишсизлик, уй-жой муаммоси, коммунал хизматлар ва асосий озиқ-овқат турлари нархларининг назоратсиз ошиб кетиши каби муаммоларни яхши тушунади, балки унинг олдини олишда ҳам фаоллик кўрсата олади. Агар мана шу мақсадларимизни халқимизга тўғри етказиб бера олсак, халқимиз албатта бизни қўллаб-қувватлайди.
Пленумда партиямизнинг янги логотипи ва байроғи ҳам тасдиқланди. Ранглар асрлар мобайнида кўзга ташланадиган рамзлар сифатида сиёсат ва ҳокимият институтининг ажралмас қисмларидан бири бўлиб келган. Рангга қараб жамоатчилик ҳаракат ва партияларни осон ажратади, ранг ижтимоий ва сиёсий жараёнларга мустақил таъсир кўрсата олувчи восита сифатида муайян кучга эга.
Азалдан қизил ва кўк ранг аралашмасидан олинган бинафшаранг шон-шавкат, куч, фаровонлик ранги бўлган. Давлатчилик ва фалсафий тафаккур ривожланиши билан қизиллик ва бинафшаранг озодлик учун кураш, зўравонлик ва зулмга қарши курашнинг рамзига айланган экан. Шунинг учун партиямиз шу рангни танлагани менга анча маъқул келди. Бинафшаранг оқ билан ўзгача уйғунликка кирибди.
Янги Ўзбекистон тараққиётнинг янги даврига қадам қўйган бир пайтда ЎзХДП фаолияти ҳам, қиёфаси ҳам ўзгараётган экан. Янги байроқ янги муваффақиятлар келтирсин.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.