Мақсуда Ворисова – Халқ демократик партиясидан Президентлик сайловига тавсия этилаётган номзод

 

Мақсуда Азизовна Ворисова 1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 1984 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги – шифокор. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Ўзбекистон ХДП аъзоси.

Меҳнат фаолиятини 1984 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти клиникасида бошлаган. 1987-2018 йилларда Тошкент вилояти Зангиота тумани “Назарбек” қишлоқ врачлик пункти шифокори, 2013 йилдан ушбу поликлиника мудири сифатида фаолият юритган.

2009–2014 йилларда халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутати, 2015-2019 йилларда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси бўлиб, мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимиз манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинишида бевосита қатнашиб, улкан тажриба тўплаган.

2018 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳамда Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, шунингдек, парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари комиссияси раиси вазифаларида серқирра ва самарали меҳнат қилиб келмоқда.

2018 йилда I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланган.

Мақсуда Азизовна Ворисова ҳақида фикр билдирадиган бўлсак – қатьий сиёсий иродага эга, жамият манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишдек фазилат соҳибаси, фидойи раҳбар сифатида партиямизнинг кўп минг сонли аъзолари ва халқимиз ўртасида катта ҳурмат ва эътиборга эга.

Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясининг электорати бўлган эҳтиёжманд фуқароларни сифатли, тиббий хизмат билан таъминлашда бирламчи бўғинда узоқ йиллар фидойилик кўрсатган.

Унинг таклифлари ва шахсий ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича Парламент комиссияси ташкил қилинган. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу комиссияни самарали фаолият олиб боришга масъул этиб белгиланган.

Мақсуда Ворисова кўп йиллик депутатлик, сенаторлик фаолияти давомида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, ҳуқуқ ва ижтимоий ҳимоя масалаларида улкан тажриба тўплаган, халқ хақида ғамхўрлик қилувчи, тажрибали сиёсатчи аёллардан биридир.

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш