Аввал хабар берганимиздек, 7 август куни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг IV пленуми ўтказилди. Унда “Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бўлажак номзод тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги рамзини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва партия ҳаётига дахлдор бошқа масалалар кўрилди. Муҳокама қилинган ва қабул қилинган қарорлар юзасидан Ўзбекистон ХДП фаоллари ўз муносабатларини билдиришмоқда.
Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Халқ таълими вазири, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси:
— Бу галги сайлов Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланаётган бир пайтга тўғри келгани билан аҳамиятли. Ўтган қисқа вақт кўрсатдики, бошқарувнинг энг мақбул йўли – бу демократик бошқарув. Бунда шубҳасиз, сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбеккистон ХДП барча сайловларда иштирок этган сиёсий куч сифатида сиёсат майдонида ўз ўрнига эга. Демак, ХДП ҳам сайловда муносиб ишгтирок этиши шарт. Мана шундай шароитда биз сайловолди платформани такомиллаштиришиб, Президент сайловида ва навбатдаги парламент сайловларида муносиб қатнашишимиз керак. Чунки республикамизда тадбиркорликка, солиқ юкини камайтиришга қаратилаётган бир пайтда, ХДП кўпчилик ўринларни қўлга киритган ҳолда, парламентда ижтимоий ҳимоя, халқ таълимига оид қонунларни қабул қилишга эришиши муҳим. Шунинг учун партия аъзоларини фаол бўлишга чақириб қоламан. Тавсия этилаётган номзодга келсак, Мақсуда Ворисова оддий аёл, она сифатида халқ дардини, муаммоларини яхши тушунадиган номзод, деб биламан.
Мамлакатдаги сиёсий жараёнлар тубдан ўзгарди, сиёсий партияларнинг фаолиятида сезиларли янгиланишлар рўй бераётганига гувоҳи бўлиб турибмиз. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.Электоратимиз бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари билан мулоқот механизмлари ўзгарди. Ўтказилаётган мулоқот, учрашувларда асосий эътибор электорат муаммоларини ўз вақтида аниқлаш билан бирга, имкони борича ижобий ечим топишга қаратилмоқда.Ўзгаришларга мувофиқ тарзда партиямиз логотипи ва байроғининг янгиланаётгани қувонарли. Рамзлардаги бинафша ва оқ ранг уйғунлиги кўпчилик партиядошларимизга манзур бўлади, деб ўйлайман.
Элмира Боситхонова, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси:
— Биз муҳим сиёсий жараёнга кириб бораяпмиз. Ўзбекистон бой тарихга эга мамлакат. Мустақиллик тарихи ҳам бой. Аммо охирги беш йилда биз кескин ўзгардик. Биз очиқ, эркин демократик давлатга айланаяпмиз. Олдинда турган Президент сайлови ҳам ана шундай руҳда ўтишига ишонамиз. Мана шундай муҳим сиёсий паллада “отахон” партия - Ўзбекистон ХДП ҳам қатнашаётгани қувонарли. Миллатимиз келажаги, Ватан тараққиёти учун жипслашишимиз, шижоат кўрсатишимиз керак. ХДП профессионал сиёсий куч.
Мақсуда Ворисова тўғри тавсия этилган жиддий номзод эканлигини мисоллар билан айтмоқчиман. Муносиблик у инсоннинг характерида бор. Тиббиёт ходимининг масъулияти тўхтовсиз исботланаётган даврда яшаяпмиз. Шифокор бўлиб ишлаган даврларида ана шу муносибликни кўрсатиб келган. Ҳар бир муаммо ечими учун охиригача кураш олиб борган принципиал арбоб эканликларига ўзим гувоҳ бўлганман.
Шарбат Абдуллаева, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фахрийлар Кенгашининг раиси:
— Сиёсий партиялар фаолиятидаги ўзгаришлар, янгиланишлар мамлакат тараққиётида муҳим аҳамиятга касб этади. Хусусан, ўзининг бой тарихий қадриятларига эга бўлган Ўзбекистон Халқ демократик партияси замон билан ҳамнафас бўлиб, дастурий ҳужжатларини бугунги давр талабидан келиб чиқиб белгиламоқда.
Сиёсий партия логотипининг моҳияти шундаки, у партиянинг қарашлари, мақсад ва вазифаларини иллюстрация шаклида акс эттиради. Шу нуқтаи назардан, партия логотипи электорат манфаатлари учун курашнинг рамзидир.
Партиянинг узоқ йиллик аъзоси сифатида шуни айтишим керакки, партиянинг асосий ғоя ва мақсадлари акс эттирилган янги логотипни тасдиқлаш тўғрисидаги муҳим қарорга келинганини тўла қўллаб-қувватлайман. Негаки, логотип ташкилот имиджининг энг муҳим элементи.
Партиямиз янги рамзий белгиларга муносиб равишда ўз фаолиятини, сиёсий мафкура ва позициясини янада мустаҳкамлайди, мен бунга ишонаман.
Қизилгул Қосимова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Ўзбекистон аҳолисининг 50 фоизини аёллар ташкил қилади. Тарихимизда ҳам жамиятга таъсир кўрсата оладиган, давлатни бошқара оладиган аёллар кўп бўлган. Халқ демократик партияси ўзининг стратегияси, дастурлари билан бошқа партиялардан ажралиб турган, ташаббуслар борасида ҳар доим биринчи бўлган. Олдимизда турган муҳим сиёсий жараёнда ҳам худди шундай йўл тутилди ва Ўзбекистон президенти сайловига аёл сиёсатчини номзод сифатида тавсия этди.
Партиямиздан номзод сифатида кўрсатилган Мақсуда Ворисовани узоқ йиллар давомида бирга ишлаган ҳамкасб сифатида жуда яхши биламан. Мақсуда Азизовна бирламчи тиббиёт соҳасида иш бошлаган мутахассис сифатида соҳанинг икир-чикирларини ҳам, ҳар бир оилага – оила аъзоларига қандай ёндашишни жуда яхши билади. Менга у киши билан Олий Мажлис қўмитасида ҳам бирга ишлаш насиб этди. У ҳар бир масалага жонкуярлик, фидойилик ва адолат билан ёндашиши билан алоҳида ажралиб туради. Ўтган бир ярим йил давомида соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган ҳар бир қонунга у киши ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. У кишини ҳеч иккиланмасдан етук сиёсий арбоб деб аташ мумкин. Шу боисдан Мақсуда Азизовнанинг Президент сайловига номзод сифатида тавсия этилишини тўғри қарор деб ҳисоблайман.
Шаҳрибону Умирбаева, Ёшлар парламенти аъзоси, ЎзХДП фаоли
— Ҳали ёш бўлишимга қарамай, партия томонидан ушбу тадбирга таклиф этилганим ёшлар масаласи мазкур сиёсий кучнинг доимий эътиборида эканидан далолат беради. 15 ёшимда партиянинг “Ёшлар қаноти” таклиф этилган бўлсам, ўтган беш йил ичида сиёсий билимим, дунёқарашим, сиёсий позициям шаклланди. Нега мен айнан Халқ демократик партиясини танладим? Бошқа сиёсий кучлар ҳам бор эдику. Гап шундаки, партиянинг миссияси, яъни, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига бел боғлагани, ёлғиз аёллар, ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бор инсонлар оғирини енгил қилишни мақсад қилгани қарашларимга, маслагимга тўғри келди. Менинг ҳозирги фаолиятим ҳам қийналган, маҳкума, оиласидан ажралган аёлларга мотивация бериш, яъни йўл кўрсатишга қаратилган.
Бугунги Пленумда аёл номзоднинг Президент сайловига номзод сифатида тавсия этилиши менга ҳам келажакка нисбатан ишонч бағишлади. Демак, мен ҳам бир кун келиб Президент лавозими учун курашсам, ўз устимда ишласам бўларкан, деган қарашларим шаклланди. Партиямиз ортида оддий халқ турибди. Шундай экан, биз сайловда муваффақият қозонишимизга ишонаман.