Аёллар сиёсатда катта кучга айланмоқда

 

Жаҳонга донғи кетган сиёсатчи аёллар оз эмас. Маргарет Тэтчер, Индира Ганди, Беназир Бҳутто, Ҳиллари Клинтон, Ангела Меркел, Мадлен Олбрайт, Кондолиза Райс, Тансу Чиллер... бу номларни яна давом эттириш мумкин.

Қайд этиш керак, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи хотин-қизларнинг ривожланиши, умуман, инсоният тараққиётининг аниқ кўрсаткичи ҳисобланади. Хотин-қизларнинг сиёсатда ва жамият бошқарувидаги ўрни сезиларли даражада ортиши аёллар ва эркакларнинг чинакам тенг ҳуқуқлилигини қарор топтиришга ижтимоий  тараққиётнинг, жамиятни барқарор ривожлантиришнинг асоси сифатида қаралмоқда. Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда тенг ҳуқуқлилик ва  камситмаслик  принциплари  изчил  ривожланиб  ва  мустаҳкамланиб бормоқда. 

Агар аёл сиёсатчи давлат тепасига келса, мамлакат ҳаётида қандай ўзгаришлар кузатилади, деган савол туғилиши табиий. Тадқиқотларга асосланиб бу саволга жавоб берадиган бўлсак, аёлларда етакчилик усуллари бошқачароқ экан. Мисол учун, улар кўпроқ ҳамкорлик қилишади ва жамият фикрига қулоқ тутишади.

Ирландиянинг собиқ президенти Мэри Робинсон бу борада "Аёл киши ҳокимиятда бўлса, ҳар бир олган қарорида болалари, неваралари тақдирини ўйлайди", – деган бўлса, АҚШ собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс: "Жамиятлар тараққий этиши учун аёлларга эҳтиёж катта. Тинчлик жараёнларида аёлларнинг ўрни беқиёс. Чунки улар оиласини асрашга интилишади. Низоларда ахир аёллар энг кўп азият чекишади", – деган эди.

Кузатувларга кўра, раҳбар аёллар халқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, таълим ва тиббиётни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратадилар. Шунингдек, тижоратини йўлга қўйган аёллар бошқа хотин-қизларни ишга оладилар. Қолаверса, бугунги кунда аёллар жаҳон иқтисодини юргизишда катта кучга айланмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жамият ва давлат бошқарувида аёлларнинг раҳбар сифатидаги фаолияти ижобий натижалар беради. Кимлардир аёл кишининг раҳбар бўлганининг нимаси яхши, дейиши мумкин. Бундай саволга жавоб аниқ: нозик ҳилқат соҳибалари ижтимоий масалаларга кўпроқ юракдан ҳис қилиб ёндашади, дилидан ўтказиб қарорлар қабул қиладилар. Ижтимоий масалалар эса, бу — халқнинг дарди, халқнинг муаммоси, унинг бошидан ўтаётган муаммолар билан узвий боғлиқдир.

Аёл буни кўпроқ, теранроқ туйишининг яна бир сабаби у оила бекаси, болалар тарбиячиси, уларнинг соғлиғи учун қайғурадиган инсондир. Сиёсий ҳаётда фаол бўлган хотин-қизларимиз айнан мана шундай хислатлари туфайли қонунларнинг янада ҳаётий бўлиши учун курашадилар, уларда аниқ масалалар, муаммоларнинг ечимларини ифодалаш учун жон куйдирадилар.

Бинобарин, Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласига жуда катта эътибор қаратиляпти. Уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари Конституциямиз, қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Парламентда аёллар сонининг кескин ошганини, олти нафар аёл эса ҳокимлик лавозимига  тайинлангани фикримизнинг мисолидир.

Жуда муҳим йирик сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови арафасидамиз. Бу йилги сайловлар янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтиши кутилмоқда.

Мазкур Сайловда Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисованинг  иштирок этиши юртимизда аёлларга бўлган юксак ишончнинг этрофидир. Мақсуда Азизовна халқ орасидан чиққан меҳнаткаш депутат, сенаторлик фаолияти давомида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, ҳуқуқ ҳамда ижтимоий ҳимоя масалаларида улкан тажриба тўплаган, мамлакатимиздаги етакчи сиёсатчи аёллардан бири сифатида сайловчилар ишончини қозонишига ишонамиз.

 

Жаҳонгир Олимов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш