Ўзбекнинг аёллари,
Сувдан ҳалол,
Гулдан пок...
Узун сочли қизлари
Тўмарисдир бу элнинг.
Муҳаммад Юсуф.
Тангрим Аёлга шундай бир сабот берганки, унинг нонини тортиб олсалар, чидайди. Молини ўғирласалар тил тишлайди. Урсалар, сўксалар жим туради.
Аммо унинг шаъни, қадр-қиммати, оналик бахтига чанг солсалар кўрингки, энди унинг чексиз бардошига дарёдай дарз кетади.
Қирқта жони қирқ чокидан сўкилади гўё.
Не ажабки, қайсидир бир каслар, бугун Ватан учун, юрт ишқи билан яшаб, унинг корига яраётган, шиддатли давр ва замон билан ҳамнафас ҳолда ҳалол ризқ топиб меҳнат қилаётган ўзбек аёлининг, ўзбек онасининг бошига тош отдилар.
Ўзбек аёлининг иффати, ғурурини, номус ва орини топтадилар.
Ҳайрон қоласан одам, шундай жирканч туҳматни қилгач, қайси "инсонман" деган зот қай йўсинда ҳаловат топаркан.
Ахир бундай қабиҳликни қилиш, уриб турган юракни юлиб, лойга қориш билан баробар эмасми.
Зеро бу юрак эгаси она, у аёл, у рафиқа, у опа, у сингилку.
Ахир бу улкан гуноҳи кабираку.
Айтиш мумкинки, бундай нобакор, бу каби гумроҳлар отган тошлар нафақат Ферузага отилган тош, балки бу - ўзбек онасига, миллат аёлига отилган тош, кўксига қадалган заҳарли ҳанжардир гўё.
Аммо ўша эси йўқлар билсинларки, Бизлар - барча Ферузалар, онаси улуғланган, аёли қадрланган юрт фарзандларимиз.
Волидасини елкасида кўтариб Ҳаж қилдирган мардлар, муслимларнинг опаси ёки синглисимиз.
Демакки, бу юртда бирор кимсанинг ўзбек аёлига, унинг шаъни, қадр-қимматига дахл қилишга, иффати, номус ва орига чанг солишга ҳаққи йўқдир.
Шу сатрларни ёзар эканман, ич-ичимдан шундай бир титроқ келдики, беихтиёр бу каби олчоқликни қилган инсоннинг (агар уни инсон деб аташ мумкин бўлса) қилмишини Аллоҳга солдим.
Токи қачондир англасинки, ҳар бир ножоиз ишнинг муносиб жавоби бордир.
Зеро аёлини асрагувчи, йиғласа юпатгувчи Султони бор бу юртнинг.
Қадрлигим - Ферузахоним!
Биз Сиз биланмиз!
Сизни яхши кўрамиз!
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.