Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси депутатлар, ташаббускор ва экспертлар иштирокида қизғин муҳокама этилмоқда. Қонун лойиҳаси бўйича навбатдаги кенг тарздаги муҳокама Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ишчи гуруҳ иштирокида кўриб чиқилди.
Аввало, ижтимоий тадбиркорлик хусусида бир оғиз сўз. Бу институт давлатимизда илк марта яратилмоқда, мамлакатимиз қонунчилигида яхлит қонун сифатида қабул қилинмоқда. Ҳужжат аҳолиниинг эҳтиёжманд қатламига, меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дуч келаётганларга ёрдам қўлини чўзиш, ижтимоий ҳимоя сиёсатини ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадамлардан бўлиши кутилаяпти.
Лойиҳани ишлаб чиқишда Италия, Корея, Буюк Британия, Малайзия ва Польша каби давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилди. Зеро, бу мазмундаги алоҳида қонун аксарият хорижий давлатларда мавжуд эмас.
Қизғин баҳс-мунозара натижасида дастлаб ижтимоий тадбиркорликнинг асосий принциплари белгилаб олинди. Унга кўра, қонун лойиҳасига Ишчи гуруҳ томонидан қонунийлик, ихтиёрийлик, шаффофлик ва очиқлик принциплари киритилган бўлса, мунозаралардан сўнг яна иккита, инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқларига риоя этиш принциплари ўз аксини топадиган бўлди. Фикримча, инсонларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган ушбу қонунни мазкур тамойилларсиз тасаввур этиш мушкул. Шунингдек, лойиҳага аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига – қарамоғида 14 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз шахсларни киритиш масаласи баҳсга сабаб бўлиб, Ўзбекистон ХДП депутатларининг асослантирилган таклифига кўра, яна икки ёшга узайтириб, қарамоғида 16 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз шахслар тарзида ифодаланадиган бўлди.
Яна бир эҳтиёжманд қатлам – жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар масаласи бўйича ҳам қизғин мунозаралар бўлди. Ушбу тоифга мансуб шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кенг ва тизимли ташкил этиш мақсадида партиямиз вакилларининг тавсиясига кўра, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаганлигидан қатъий назар жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган барча шахслар қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатлами сифатида белгиланадиган бўлди. Бу албатта, инсонпарварлик принципининг амалдаги ёрқин кўринишидир.
Шу билан бирга, ижтимоий корхоналар реестрини юритиш тартиби масаласи ҳам иштирокчилар ўртасида кескин мунозараларга сабаб бўлди. Бунда асосий эътибор, имкон қадар тадбиркорлик субъектларига енгиллик яратиш, уларга қўшимча вазифалар юкламаслик ҳамда бюрократик тўсиқларни қўлламасликка алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан келиб чиқиб, агарда тадбиркор ижтимоий тадбиркор сифатида фаолият юритмоқчи бўлса ваколатли орган, яъни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали солиқ органларидан олинган маълумотлар асосида тадбиркорлик субъектини ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган ижтимоий корхоналар реестрига киритади холос. Бу билан, корхонадан ариза олиш, қўшимча маълумотлар талаб қилиш каби “эскилик сарқитлари”дан воз кечилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, “ижтимоий корхона ушбу қонунда назарда тутилган мезонларга мувофиқ келмай қолганлиги сабабли белгиланган тартибда ижтимоий корхоналар реестридан чиқарилганидан сўнг, уни ушбу реестрга икки йил давомида киритиш ман этилади”, тарзида ёзилган норма ҳам қай даражада адолатли эканлиги кўриб чиқилди. Чунки, амалиётда ижтимоий корхонага боғлиқ бўлмаган вазиятлар ҳам юзага келиши мумкин. Мисол учун, маълум миқдордаги ишчиларнинг ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилиши ва шу каби бошқа ҳолатлар. Шундан келиб чиқиб, норманинг якунловчи қисми нисбаттан диспозитив характерда “ман этилиши мумкин” тарзида баён этилиши белгиланмоқда.
Асосий мақсад эса, ижтимоий ҳимоя йўналишида жамиятдаги тизимли муаммоларга ечим топиш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун қабул қилиш ҳисобланади.
Умуман, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, нафақат ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг яшаш, турмуш шароитлари яхшиланишига, балки уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш учун ҳам кенг имкониятлар яратади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.