Масофавий таълим тизими анъанавий таълим ўрнини боса олмайди. Аммо...

 

Оммавий ахборот воситаларида янги 2021-2022 ўқув йилида мактабларда дарслар аралаш шаклда давом этишига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида Халқ таълими вазирлигининг ахбороти чоп этилди. “Барчангизга маълумки, бугунги кунда бутун дунёдаги каби юртимизда ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари давом этмоқда. Энг ачинарлиси, ўтган йилдагига нисбатан мактаб ёшидаги болалар орасида ҳам касаллик тарқалиши ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда”, дейилади маълумотда. Шу боис Халқ таълими вазирлиги янги 2021-2022 ўқув йилида мактабларда дарс жараёни аралаш шаклда давом эттирилишига тайёргарлик кўраётганини маълум қилган. Бунда мактабда юзага келадиган вазиятга қараб мактаб Санитария-эпидемиология назорати марказлари таклифига асосан, маҳаллий кенгашлар қарорларига кўра, айрим мактаблар карантинга ёпилиб, масофавий тизимга ўтказилиши мумкин. Бундай ҳолатларда ўқувчилар таълимни вақтинча масофавий шаклда уйдан давом эттиради. Ўқувчининг масофадан таълим олишига имконият яратиш мақсадида Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари орқали “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида эфирга узатилаётган дарслар давом эттирилади.

Афсуски, ижтимоий тармоқларда вазирликнинг бу қарорига оид танқидлар ёмғирини кузатиш мумкин. Айримлар таълим муассасаларини масофавий таълимга тайёр эмасликда айблашади. Бошқалар мактаб таълими ўрнини бошқа ҳеч нарса боса олмаслигини айтишади. Ваҳоланки, давлат коронавирус пандемияси шароитида сиз-у бизнинг фарзандларимиз саломатлиги ҳақида қайғурмоқда. Тўғри, ҳеч қандай энг замонавий масофавий таълим тизими ҳам бевосита мактабдаги таълим ўрнини боса олмайди. Аммо бугун аҳолининг вакцинациядаги иштироки фаол бўлмас экан, анъанавий таълим тўлиқ тикланиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолини, биринчи навбатда, таълим муассаси ўқитувчилари ва ходимларини ўқувчилар орасида коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида фаол вакцина олишга чақиради. Қачонки, карантин чораларига, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига амал қилиб, коронавирусга қарши курашнинг ягона йўли – эмланиш чақириқларига қулоқ тутсаккина, анъанавий таълим тизимига қайтиш шунчалик тезлашади.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш