Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги каби бир қатор қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Йиғилиш «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар. Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаги таклиф ва фикрлар инобатга олинган ҳолда қайта ишланди. Бунда сохта тўловга қобилиятсизлик, судгача санация қилиш, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили, тўловга қобилиятсизлик, тўлов қобилиятини тиклаш тартиб-таомили, тўловга қобилиятсизликни яшириш, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш каби тартиб-таомиллар юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний манфаатлари ҳимояси юзасидан янада такомиллаштирилди.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда фракция аъзолари томонидан моддама-модда кўриб чиқилганидан сўнг маъқулланди.
«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда бўлганидек қизғин баҳс-мунозаралар асосида муҳокама этилди.
Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш)нинг биринчи қисми санкциясидаги жазо чоралари кучайтирилмоқда. Яъни, жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача оширилмоқда, шуниндек бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазо чораси киритилмоқда ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир йилдан уч йилгача кучайтирилиши назарда тутилмоқда.
Халқ демократик партияси жарималар асоссиз оширилишига қарши қатъий позицияга эга экани, бу фуқароларнинг даромадларига нисбатан жарималар миқдори юқори эканлиги билан изоҳланиши хусусида такрор-такрор таъкидлаб келмоқда. Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида депутатлар ушбу масалага яна бир бор эътибор қаратган ҳолда, ҳокимият вакилининг хизмат вазифасини, масалан, уй-жой, бино-иншоат мажбурий бузилиш билан боғлиқ вазиятда қанчалик қонунийлиги, бу жараёнга ички ишлар ходимлари қанчалик тайёр эканликлари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан Олий Мажлис ялпи мажлисига киритиш учун маъқулланди.
Фракция йиғилишида «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ҳам депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда фракция фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.