ВАЗИРГА 8 САВОЛ ёхуд “Осиё тараққиёт” банки ажратган кредит маблағлари қаерга кетмоқда?

 

Депутатлар ва сенаторлар ҳар ойда 10 кун давомида бир туманда ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар, солиқ инспекциясининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши зарурлиги ҳақида топшириқ берилган.

Ана шу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг сўнги 10 кунида ўз округларига чиқиб, сайловчилар билан учрашувлар ва тегишли соҳалар бўйича ўрганишлар ўтказмоқда.

Жорий йилнинг 26 февраль кунидан 2 март кунигача Сурхондарё вилоятидаги 71-Жарқўрғон сайлов округимда учрашувлар ўтказдим. Учрашувлар давомида коммунал хизмат соҳасига оид муаммолар ҳам қайта кўтарилди. Жумладан, Жарқўрғон тумани “Сурхон” қишлоқ аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминоти ва санитариясини яхшилаш лойиҳаси бўйича “Осиё тараққиёт” банки маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 924 миллион сўм сарфланган. Иншоотни 2015 йилда давлат қабул комиссияси қабул қилган.

Аҳоли 2015 йилдан, яъни иншоот қабул қилинган вақтдан буён “Марказий Сурхон”, “Хўжақишлоқ”, “Мингчинор” “Жинжактепа”, “Меҳнатобод”, “Боймоқли”, “Янгиариқ”, “Эскиқишлоқ” ва “Кунчиқиш” маҳаллаларидаги 790 хонадонга ичимлик суви ноаниқ сабабларга кўра етиб келмаётгани, 2287 хонадондаги 13740 нафар аҳоли ичимлик суви лойиҳасидан қолиб кетгани, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани, сув қувурлари ишчи босимга бардош беролмаётгани масалалари кўтарилди. Шу вақтгача мазкур масалалар бўйича вилоят ва туман мутасадди раҳбарларига кўплаб мурожаатлар қилинган бўлса-да, улар томонидан аниқ ва жўяли жавоблар олинмаганини билдиришди.

Мазкур масалалар вилоятда ишлаган республика ишчи гуруҳи томонидан ҳам кўтарилган бўлиб, 2018 йил 25 ноябрда бўлиб ўтган йиғилишда вилоят “Сувоқова” ДУК ва қурувчи “278 ХМКЖ” МЧЖ мутасаддилари ўн кунлик муддатда ичимлик суви билан таъминлашни ваъда қилишган эди. Афсуски, ваъда-ваъдалигича қолиб кетди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий Қонунининг 12-моддаси ҳамда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, мен мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирига депутатлик сўрови билан мурожаат этдим. Депутатлик сўровида қуйидаги аниқ масалаларга жавоб бериш сўралган эди:

  1. Ҳудудда жами 4743 хонадондаги 27137 нафар аҳолининг 13740 нафари (2287 хонадон) мазкур лойиҳадан қолиб кетишига ва самарасиз лойиҳага ким жавоб беради?
  2. Сифатсиз қурилиш ишларини қабул қилган давлат комиссияси аъзоларига нисбатан қандай чоралар кўрилди?
  3. Ушбу иншоот вазирлик томонидан хатловдан ўтказилганми?
  4. Самарасиз ишлатилган “Осиё тараққиёт” банки маблағларига ким жавоб беради?
  5. 2010 йилдан буён ичимлик суви таъминотидан узилган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан вазирлик томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилди?
  6. Лойиҳадаги камчиликлардан “Осиё тараққиёт” банки маъмуриятининг хабари борми?
  7. Қабул комиссиясида нима сабабдан банк вакили иштирок этмаган?
  8. Охирги савол: аҳоли қачон ичимлик суви билан таъминланади?

Бу саволларга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигидан одамларни қаноатлантирадиган жавоб ололмадик.

Сўнгра вазир ўринбосари билан телефонда гаплашиб, жойига вазирликдан вакил юборишини, ҳақиқий холатни ўз кўзи билан кўриб ўрганиши, кейин саволларга жавоб беришини сўрадим.

Вазирлик вакили телефонда ҳақиқий холат билан танишганини, масалани ҳал этиш юзасидан қўшимча ҳовуз қуриб, насос ўрнатиб, сув чиқариш лозимлигини, бўлмаса, қолган тизим ҳам ишдан чиқишини айтди. Бундан ташқари, вакил Жарқўрғон туман ҳокими билан учрашганини, жорий йилнинг июль ойида маҳаллий бюджет маблағларининг орттирилган қисмидан маблағ ажратишини ваъда қилганини ҳамда сув муаммоси тез кунларда ҳал бўлишини маълум қилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида туман ҳокими билан ўзим учрашдим ва вазирлик вакилига маблағ ажратишни ваъда қилган экансиз, маблағ қачон ажратилади, деб сўрадим. Ҳоким ҳеч кимга маблағ ажратиш бўйича ваъда бермаганини маълум қилди.

Мен туман ҳокимидан аҳоли пунктида қарийб ўн йилдан буён ичимлик суви йўқлигини, имконият даражасида ёрдам беришини сўрадим. У октябрь ойида 150 млн. маблағ ажратишни ваъда қилди.

Шундан сўнг вазирлик вакили билан телефонда боғланиб, туман ҳокими билан учрашганимни, бўлган воқеани баён қилдим.

Мана октябрь ойи ҳам ўтиб бормоқда, лекин вазирлик томонидан ҳеч қандай амалий ишлар бошланмади.

Вазирликнинг депутат сўровига муносабати қачон ўзгаради?

Асосий савол: “Осиё тараққиёт” банкининг самарасиз ишлатилган кредит маблағларига ким жавоб беради?

Ўлда-жўлда, масъулиятсизларча ташкиллаштириладиган, боши бору охири йўқ лойиҳалардан халқимиз қачонгача азият чекади?..

Турсунпўлат Норбоев,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

***

Мавзуга оид: 

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги депутатимиз саволларига жавоб берди 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш