Нориндаги депутат сайёр қабулда уйи ёниб кетган оилага моддий ёрдам кўрсатди

 

Наманганда Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллабай ва фуқаробай тизимини йўлга қўйиш мақсадида Норин туманидаги “2-Бобур” сайлов округидан сайланган депутат Азиза Раҳмончаеванинг сайёр қабули ўтказилди.

Мазкур қабул давомида яшаш уйини кадастр қилиш, уй-жойини таъмирлаш, мустақил тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредит ажратиш, тикув машинаси ва уй-жой олиш каби бир қатор масалалар кўтарилди.

Қабул давомида сайловчиларининг мурожаатини эшитган маҳаллий Кенгаш депутати Азиза Раҳмончаева фуқароларнинг дарду-ташвишларига қулоқ тутиб, ҳар бир масала ёки муаммо шунчаки қолиб кетмаслиги, белгиланган тартибда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилишини таъкидлади.

Учрашувда ЎзХДП вилоят ва Норин тумани кенгаши, Бобур маҳалла фуқаролар йиғини, туман бандликка кўмаклашиш маркази, электр таъмоноти корхонаси, Халқ банки ва Давлат кадастрлар палатаси масъул ходимлари иштирок этиб, ўртага ташланган долзарб муаммоларни ҳал этилишига яқиндан кўмаклашди.

Депутат қабулида 1958 йилда туғилган, 2-гуруҳ ногиронлиги бор, ёлғиз яшовчи фуқаро Нурали Исмоилов яшаш хонадонини таъмирталаб эканлиги ва уйига янги электр ҳисоблагич ўрнатиш зарурлигини айтди. Ушбу мурожаат туман электр таъминоти корхонаси томонидан назоратга олиниб, чора кўриладиган бўлди. Яшаш хонадонини таъмирлаб беришни эса МФЙ раиси Шуҳрат Эргашев ўз зиммасига олди.

38 ёшли Мавлонбек Абдуллаев ҳозирда яшаётган хонадони марҳум отасининг номида экани, эндиликда мазкур хонадонни ўз номига расмийлаштиришда маблағи етишмаётганлиги сабабли амалий ёрдам сўради. Давлат кадастрлар палатаси Норин тумани филиали томонидан фуқарога ҳуқуқий кўрсатма берилиб, шу йўналишда ижросини таъминлаш назоратга олинди.

Сайёр қабулда Зарбдор маҳалласида яшовчи, “Ёшлар дафтари”га киритилган 22 ёшли Гулчеҳра Султонова Норин тиббиёт коллежининг биринчи босқичини тамомлаганлиги, лекин тикувчилик борасида ҳам иқтидори борлиги учун тикув машинаси олиш бўйича мурожаат этди. Депутат аралашуви билан чевар қизга Норин тумани ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими кўмагида тикув машинаси тақдим этилди.

– Мен Норин туманидаги Бобур маҳалласи ҳудудида бўш турган бинони ижарага олиб, ҳозирда бу ерда уй-жой ва бинолар учун эшик-дарвозалар ясаб, сотувга чиқариб келмоқдаман, – дейди Ҳаққулобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи 21 ёшли тадбиркор Ҳусниддин Ҳасанбоев. 

– Ҳунарим ортидан ойига 4-5 миллион даромад топиб, қўл остимда уч нафар ишчи бор. Фаолиятимни кенгайтириш ва ишчи ўринлари сонини ошириш учун банкдан 30 миллион сўм кредит зарур. Бироқ Халқ банки туман филиалига бир неча марта мурожаат этганимда, ҳар гал ресурс йўқлиги баҳона қилиниб, молиявий кўмак ололмай келаяпман. Туманимиз Кенгаши депутатига раҳмат, мурожаатимни алоҳида назоратга олишди. Шу жойни ўзида банкнинг мутасадди ходимига кредит ҳужжатларини тезроқ расмийлаштиришга кўрсатма берилди.

Бобур маҳалласидан Румтамжон Абдупаттаев 1998 йилда туғилган. Маълумоти олий, у Наманган Давлат универсетининг математика факультетини тамомлаган. Айни пайтда ишсизлиги сабабли амалий кўмак берилишини сўраб мурожаат қилди. Ёш педагог Норин туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабига ишга олиниши таъминланди.

Шу йил март ойида Бобур маҳалласидаги Абдулла Қаҳҳор кўчаси, 29-уйда юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида яшаш хонадони буткул ёниб кетади. Хонадон бекаси Ирора Холдорова депутат қабул ўтказаётганини эшитиб, ўз дардини халқ ноибига билдирди. Уй-жойини қайта тиклашда ёрдам сўралган ушбу мурожаат ҳам ўз жойида ҳал этилиб, фуқарога депутат томонидан 5 миллион сўм моддий ёрдам берилди.

– Ёшим 39да, ҳозирда Норин педагогика техникумида ҳисобчи бўлиб ишлайман, – дейди яна бир мурожаатчи Хуршида Аҳмадалиева. – Икки нафар вояга етмаган фарзандим бор. Афсуски, эрим узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 13 йилдан бери ота-онамнинг уйида яшаб келмоқдаман. Имтиёзли уй сўраб қилган мурожаатимга ижобий ечим топилганидан хурсандман. Туманимиздаги Навоий даҳасида янги намунавий тартибда қурилаётган арзон уй-жойлардан уч хонали хонадон субсидия асосида ажратилди.

ЎзХДПнинг вилоят, шаҳар, туман Кенгаши депутатлари жойларда мана шундай амалий натижаларга ҳамоҳанг сайёр қабулларни мунтазам равишда ташкиллаштириб келмоқда. Зеро, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш партиянинг сайловолди дастурида устувор вазифалардан биридир.

 

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА

 
 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш