Сен етим эмассан болажон…

 

Куни кеча Президентимизнинг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Мазкур ҳужжатда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича қамраб олинган.

Мамлакатимизда ота-оналарининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга доимий ғамхўрлик қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги беш йил давомида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш масалаларига янада устуворлик берилганлиги йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ўз ечимини топишда муҳим омил бўлмоқда.

Эътиборлиси, ушбу қарор билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болажонларимизни уй-жой билан таъминлашнинг аниқ ечими ва тартиблари белгилаб берилган.

Қарорга асосан, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади.

Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун квартиралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилиниши, тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида мазкур бандда назарда тутилган мезонларга мос келадиган квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий “Халқпарвар” комиссиялари хулосасига асосан квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинади.

Шу билан бирга, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади. Бунда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Бир сўз билан айтганда, қарорнинг ижроси кўплаб етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қалбида инсонийлик, бағрикенглик ва ўз юртига садоқат билан ва энг асосийси у ўзининг етим эмаслигини, орқасида тоғдек отаси — Президенти борлигини ҳис қилиб яшашига шубҳа қолмайди.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш