Боланинг бегонаси бўлмайди

 

Янги Ўзбекистонда инсонни улуғлаш, боланинг бегонаси бўлмайди, деган тамойил давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Давлатимиз раҳбарининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам мазкур сиёсатнинг амалдаги исботи ҳисобланади. Айтиш керакки, мамлакатимизда 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаси бор. Уларда 1 минг 823 нафар ўғил-қиз яшаб, ўқимоқда. 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг 363 нафар бола тарбияланмоқда. Бу масканларда болаларга эътибор кучли. Лекин болалар билан якка тартибда ишлаш, уларни касбга йўналтириш талаб даражасида эмасди. Ушбу муассасалар, синов тариқасида, Миллий гвардия масъуллигига ўтказилиши белгиланди.

Мана энди қарор билан “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилмоқда. Эндиликда, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари таркибидан “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчалари директорларининг биринчи ўринбосарлари тайинланади. “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчаларига олий таълим муассасалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари бириктирилади, якка кураш, от спорти, футбол, сузиш, теннис, шахмат каби спорт турлари бўйича тўгараклар ташкил этилади, болалар йилига 2 маротаба мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга олиб чиқилади, шунингдек, тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилади. Ҳудудий ҳокимликлар тарбия муассасаларини спорт анжомлари, 20 тадан компьютер, автобуслар ва бошқа жиҳозлар билан таъминлайди. Шунингдек, Жамоат хавфсизлиги университети томонидан тарбия муассасалари тарбиячиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳар йили 25 нафар ўқув-тарбия муассасалари тарбиячилари Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул даволанади.

Олий Мажлис Сенатига тарбия муассасаларидаги болалар муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича “Меҳр дафтари” тизимини ҳаётга татбиқ этиш вазифаси юклатилди ва етим болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади. Жамғарма маблағлари ҳомийлик, алкоголь маҳсулотлари улгуржи савдо корхоналари соф тушумининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма (йиллик 85 млрд сўм) ҳисобидан шакллантирилади.

Албатта, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори айни мақсадда қабул қилинди. Етим болаларга уй-жой ажратишнинг янги тизими жорий этилмоқда. Унга кўра, уй-жойга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим бола учун майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, агар оилали бўлса, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали уй-жой ажратилади. Таъкидлаш керакки, етим болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан, бироқ 30 ёшга тўлгунича уни сотиш, гаровга қўйиш, ижарага бериш, оила аъзоси бўлмаган шахсларни рўйхатга қўйиш ҳуқуқисиз берилади.

Кези келганда бир маълумотни ҳам айтиб ўтиш ўринли бўлар, 2011-2020 йилларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 610 нафар етим болага уй-жой берилган. Ушбу уй-жойларнинг 147 таси жорий, 15 таси мукаммал таъмирга муҳтож, 1 таси яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолатда ва 10 таси белгиланган ижтимоий нормаларга тўғри келмайди. Янаям аниқроғи, ҳозирда етим болаларга уй-жой бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уй-жойлардан ажратиб келинмоқда.

Қолаверса, 2021 йил 1 декабрга қадар 757 нафар етим болага уй-жой ажратиш бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланмоқда. Бу эса охирги 10 йилда ажратилган уй-жойлар сонидан 1,2 баравар кўп бўлиб, уй-жойларни харид қилиш учун тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджетлардан жами 120 млрд сўм маблағ ажратилади.

Қарорда етим болаларнинг таълим олиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ бир қатор имтиёзлар назарда тутилган. Хусусан, ушбу тоифадаги тарбия муассасаларидаги болаларга нодавлат таълим ташкилоти ўқув курсларида олий таълимга тайёргарлик борасида 2 тагача фандан ўқиш харажати учун йилига 4,9 млн сўмдан компенсация тўланади.

Боз устига, қарорга кўра, етим болалар учун 50 фоизга оширилган миқдорда стипендия тўланади, етим болалар “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида касб-ҳунарга ўқитилади. “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларига 2 та психолог штати ажратилади, фарзандликка ёки васийликка олинган етим болалар давлат боғчалари ва мактабларига навбатсиз жойлаштирилади, етим болаларнинг хорижий давлатларда жарроҳлик амалиёти харажатлари тўлиқ миқдорда компенсация қилинади.

Бола тарбиясида оила бағрида бўлишнинг аҳамияти катта. Шу боис, қарорда ногиронлиги бўлган етим болаларни васийликка олган оилаларга тўловлар 2,5 млн сўмга етказилиши, соғлом етим болаларни васийликка ва ҳомийликка олганлик учун 1,2 млн сўм миқдорида ҳар ойлик моддий ёрдам тўланиши белгиланди.

Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли. Бунинг учун у туғилган ва яшаётган мамлакатда унинг барча имкониятларини юзага чиқариш учун шарт-шароитлар яратилган бўлиши керак. Ўзбекистон Президенти имзолган ҳужжатлар ана шу кафолатни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш