Етимларнинг бошини силаш, уларга ғамхўрлик қилиш энг хайрли, энг савобли ва энг шарафли ишлардан бири ҳисобланади. Азал азалдан бу одатлар бизнинг онгимизга, қонимизга сингиб кетган. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимизнинг доимий эътиборида. Уларга вояга етгунига қадар ўқиши, билим олиши, яшаши, ўз иқтидорини намоён этиши учун барча шароитлар яратилган. Аммо айрим муаммоли масалалар ҳам бор эди. Бу ҳам бўлса Меҳрибонлик уйларини битириб чиққан болалар уйсиз, бошпанасиз қолиб, кўп қийинчиликларга дуч келар эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида ушбу муаммо ечими ўз аксини топган. Эътиборли жиҳати, мазкур қарор билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилган.
Қарорда кўрсатилганидек, 2021 йил 15 августдан бошлаб ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Агар етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум ҳамда бир вақтнинг ўзида ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлашни ташкил этиш, уй-жойларнинг адолатли тақсимланиши ва ўз вақтида ажратилишини назорат қилиш бўйича Республика комиссияси ташкил этилиб, комисссия томонидан қуйидагилар қатъий назоратга олинади:
— етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади ҳамда навбатга ўзгартириш киритилишига ва навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди;
— етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда коммунал хизматлар учун тўловларнинг эллик фоизи маҳаллий бюджетлар ҳисобидан компенсация қилинади. Энг қувонарлиси, 2021 йил 1 декабрга қадар уй-жойга муҳтож 757 нафар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар барча зарур шароитларга эга бўлган (таъмирланган ва жиҳозланган) уй-жойлар билан таъминланади.
Шунингдек, оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикада йўлга қўйилмаган жарроҳлик амалиётлари бўйича хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан тўлиқ миқдорда компенсация қилиниши ҳам юксак ғамхўрликнинг намунаси ҳисобланади.
Бундан ташқари ушбу қарор билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўқиши, олий маълумот олиши, касб-ҳунар эгаллаши, уларни иш билан таъминлаш борасида ҳам бир қатор имтиёзлар берилаётгани мамлакатимизда инсон қадри, шаъни улуғланаётгани, ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат учун дадил қадамлар ташланаётганлигининг иисботидир.
Биз - партия тизимидаги масъуллар ва депутатлар партиямиз электорати манфаатини ҳимоя қиладиган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорни қўллаб-қувватлаб, мазкур қарор мазмун-моҳиятини жойларда аҳоли орасида кенг тарғиб қилишимиз, шунингдек, унда белгиланган вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишимиз лозим. Жумладан, етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ўз вақтида, уй-жой билан таъминлаш, қарорда белгиланган тартибда уларни адолатли тақсимлашнишига кўмаклашишимиз ҳамда мазкур ишларни ташкил этиш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз даркор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида ижтимоий ҳимоя масаласи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Зеро, инсон шаъни, қадр-қиммати эъзозланган юртда фаровонлик, хотиржамлик, энг асосийси, тинчлик барқарор бўлади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.