Бахтли яшашга ҳар кимнинг ҳаққи бор

 

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатлари ҳимоя қилиниши муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Ўзбекистон фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратувчи мамлакатлар қаторига киради. Бунга куни кеча қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорини келтиришимиз мумкин.

Қарорда Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш устувор вазифа этиб белгиланди. Қарорга кўра, 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг мутлақо янги тартиби ўрнатилмоқда.

Янги тартибга кўра, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилиши назарга тутилмоқда. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилиши белгиланмоқда.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни таълим олишига кенг имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг олий таълим муассасалари ўқиш имкониятлари кенгаймоқда. Жумладан, абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан “Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) учун ҳам татбиқ қилинмоқда.

Энг асосийси эндигина давлат қаромоғида бўлган етим болаларга ажратилаётган уй-жойлар яшаш учун барча зарур шароитларга эга бўлган (таъмирланган ва жиҳозланган) ҳолда топширилиши манзилли кўмак бериш борасида самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

Энг муҳим масала, мазкур тоифадаги ижтимоий қатламнинг бандлигини таъминлашда 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бир қатор имкониятлар кенгаймоқда. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурида белгиланган маблағлар ва тартиблар доирасида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уларнинг бизнес лойиҳаларида кўзда тутилган мақсадларга кредитлар навбатга қўйилмаган ҳолда ажратилиши белгиланмоқда.

Мақсадли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимидаги бу каби ўзгаришлар мамлакатдаги ижтимоий тенгликни таъминлаш, фуқаролар давлатдан ва бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончи ортишига хизмат қилишига ишонамиз.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш