Ўқитувчи саломатлиги – фарзандларимиз соғлиғи ва келажаги кафолати

 

Юртимизда кейинги пайтларда педагог ходимларга, устозларга берилаётган имтиёз ва ғамхўрликнинг чеки чегараси йўқ. Айниқса, коронавирус деган бало ҳали ҳамон юртимизда ўз ҳукумронлигини қилаётган бир пайтда давлатимиз томонидан биринчи навбатда ўқитувчиларни эмлашни бепул ўтказиши ҳам ўқитувчиларга меҳрибонлик ва ғамхўрликнинг амалий исботидир. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан халос бўлди. Фақат ўз ишига оид ишлар билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган бир пайтда, ижтимоий тармоқларда “Мажбурий тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул ундирилмоқда. Бу қонунга зид” мавзули мақола чиқиши мени ўқитувчи сифатида таажублантирди.

Ҳақиқатда, ўқитувчининг тиббий кўрикдан пулли ўтказилиши, ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи бузилиш деб биламан. Тиббий кўрик аслида баъзи бир тиббиёт ходимларининг чўнтагини қаппайтириш учун эмас, балки, ўқитувчиларнинг соғлигини назорат қилиш ва эртага ўқитувчи сизнинг, менинг фарзандларимизга дарс беришда соғлом бўлишини таъминлаш учун кўрилаётган чора-тадбирлар эмас-ми? 2020 йил қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонунда ўқитувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши бепул деб белгилаб берилган. Бир нарса мени қийнайди. Нега Халқ таълими вазирлиги бу воқеалардан сўнггина Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига хат йўллайди. Улар ўқитувчи ҳар ўқув йилида бир марта, август ойида тиббий кўрикдан ўтишини яхши билади-ку. Айтмоқчиманки, шундай ҳолат рўй беришининг олдини олиш мақсадида олдиндан эслатма хат юборилса бўларди-ку. Яна бир гап, Молия вазирлигидан айнан ўқитувчининг тиббий кўриги учун ҳеч қандай маблағ ажратилмайди.

Мактабда ишлаган давримизда туман санитария-эпидемиология хизматидан ходимлар келиб, ўқитувчи ва ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларни махсус бирма-бир кўриб чиқарди. Борди–ю, биттаси ўтмаган бўлса, раҳбарга ёки ўринбосарга отни калласидай жарима белгилаб кетарди.

Ўқитувчилар ўзи ҳисоб-китобли халқ, ҳар бир сўмини режалаштиради. Соғлиқни сақлаш ходимларининг ҳар бир ўқитувчидан 150 минг сўмдан олиб, тиббий кўрикдан ўтказаётганини қандай баҳолаш мумкин? Бу ҳолатни жиддий ўрганиб, айбдорлар албатта жазосини олиши ва унинг натижаси ҳақида оммага маълумот бериш керак деб ҳисоблайман. Зора, шунда ўқитувчини шаъни, қадр-қимматини оёқ ости қилаётганлар ҳам ўйлаб иш қилсалар ажаб эмас.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш