Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.
Мазкур ҳужжат билан белгилаб берилган чора-тадбирлар бола тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини оширишга, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар моддий таъминотини кучайтиришга, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда умумэътироф этилган халқаро стандартларни ва автоматлашган шаффоф электрон баҳолаш механизмларини жорий этиш орқали нафақаларни тўлаш тизимини болалар салоҳиятини ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади ва булар ўз навбатида мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган зарур сармоя ҳисобланади. Ушбу мақсаддаги сармоя эса, камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.
Маълумки, бола нафақалари ота-оналарга фарзандларининг асосий эҳтиёжларини, масалан, озиқ-овқат ва ўқув қуроллари харажатларини қоплашга, бу билан уларнинг зарурий эҳтиёжлари таъминланишига ёрдам беради. Эътиборли жиҳати, эндиликда 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига, инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилиб, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади. Бунда, болалар нафақасини тайинлашдаги тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилмоқда ва бунинг натижасида болали оилаларимиз учун нафақани олишдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.
Шунингдек, нафақа миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилади. Бундан ташқари, ёлғиз фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.
Фармонга асосан, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг миқдорлари қуйидагича этиб белгиланмоқда. Яъни:
— болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори, 250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун. 150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча ва 100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун. Мисол учун, бир оилада тарбияланаётган болалар сони тўрт нафар бўлса, болалар ўртасидаги ёшдаги фарқига қараб, камида 825 минг сўм миқдорида нафақа тайинланади. Шунингдек, кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм этиб белгиланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи таъкидланган фармони мамлакатимизда оилаларга, уларда камол топаётган болажонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги юксак намунаси бўлди. Бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган эзгу мақсад фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ўниб-ўсишларини таъминлаш, уларга истеъдод, қобилиятларини юзага чиқаришлари учун зарур бўлган барча шароитларни яратиб беришдир. Бундай ғамхўрликлардан баҳраманд бўлиб авлод эса халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган, юртимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб вояга етиши шубҳасиз.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.