Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди

 

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлаш, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш учун жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, ушбу масалалар давлатимиз раҳбарининг доимий диққат-эътиборида турибди. Юртбошимиз томонидан куни кеча имзоланган “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон бунинг яққол далилидир.

Фармон болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институтционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ушбу тарихий ҳужжатга кўра Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили институти таъсис этилади ҳамда парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман ) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими тугатилади. Фармон билан Болалар омбудсмани Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан беш йил муддатга сайланиши, бу лавозимга номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилиши ва Олий Мажлиснинг палаталари кўриб чиқиши тартиби белгиланмоқда. Шунинг билан бирга, вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси, Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро комиссиялари Болалар масалалари бўйича миллий комиссия қайта ташкил этилади.

Миллий комиссиянинг асосий фаолият йўналиши этиб боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таминлаш, болаларнинг жисмоний, интелектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш, боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш, болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқишини ҳамда амалга оширилишини, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқубузарликлар профилактикасига оид маълумотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, ҳудудий комиссияларнинг болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилмоқда.

Эътиборлиси, фармонда Миллий комиссия ва ҳудудий комиссиялар ваколатлари доирасига кирувчи масалалар юзасидан фаолиятларини ташкил этишда тегишли давлат органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб берилди.

Мухтасар қилиб айтганда, болаларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тизимли ҳал қилишга, вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноятчиликнинг кескин камайишига ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни ҳам маънавий, ҳам иқтисодий қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий асос яратилди.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш