Халқ бой бўлса, давлат бой бўлади. Кишилик цивилизацияси тарихидан маълумки, бошқарувда адолат тамойилига асосланган, халқнинг фаровонлик даражаси юқори бўлган давлат қудратли ва салоҳиятли бўлади. Бугун бу шиор давлатимизда юритилаётган сиёсатнинг туб ўзагини ташкил қилади десак, янглишмаймиз. Шу мақсадда аҳолининг эътиборга муҳтож қатламига доимий мадад кўрсатилмоқда, аҳолининг муайян қисмини ташкил этадиган муҳтожларни қўллаб-қувватлаш орқали уларни камбағалликдан чиқариш учун мақсадли дастурлар ҳаётга жорий этилмоқда.
Маълумот учун айтганда, ҳозирда кам таъминланган оилаларга бюджетдан 3 турдаги нафақа ва моддий ёрдам тўлаб келинмоқда. 2021 йил 1 август ҳолатига кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали жами 1,2 млн оилага, хусусан, 1-турдаги 702 мингта оилага – 14 ёшгача бола учун нафақа, 2-турдаги 404 мингта оилага – болани 2 ёшгача парваришлаш нафақаси ва 3-турдаги 98 мингта оилага – моддий ёрдам тўланмоқда.
Ўрганишлар эса, мазкур ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, унинг очиқлигини таъминлаш ва кундалик эҳтиёжларни доимий равишда ҳисобга олишни тақазо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айни шу мақсаддаги тадбирлар таъсирчанлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинди.
Таъкидлаш керакки, Фармон лойиҳасини тайёрлашда ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, БМТ ваколатхонасининг мутахассислари иштирок этди. Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан амалда бўлган кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилади. Нафақани тайинлашда болалар ёши меъёри 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади; тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилади; миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади. Шунингдек, фарзанди бўлмаган ёки фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.
Фармон билан болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг янги миқдорлари белгиланмоқда. Унга кўра, болалар нафақаси оиланинг 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 250 000 сўм, 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 325 000 сўм, иккинчи фарзанди учун қўшимча – 150 000 сўм, учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун – 100 000 сўмдан тўланади.
Фармонга кўра, моддий ёрдамнинг миқдори – 380 000 сўм этиб белгиланмоқда. Маълумот ўрнида келтирадиган бўлсак, ушбу тадбирлар эвазига шу йил якунига қадар болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 20 фоизга оширилади.
Ҳужжат талабларига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб Минимал истеъмол харажат миқдорларидан камбағаллик мезони ҳамда кам таъминланган деб эътироф этишда жон бошига бир ойлик даромад мезони сифатида фойдаланилади. Давлат статистика қўмитаси 2022 йилдан бошлаб, инфляция даражасидан келиб чиқиб Минимал истеъмол харажат миқдорларини ҳар йили 20 январига қадар эълон қилиб боради.
Фармонда минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблашнинг халқаро стандартларга ва аниқ мезонларга асосланган ҳамда шаффоф тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, бу бора Ҳукуматга алоҳида вазифа юклатилган.
Таъкидлаш жоизки, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблашда уй хўжалиги сўрови доирасида 86 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, 157 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 17 турдаги хизматлар харажатлари қиймати аниқланади ва республика ўртача нархларига ўтказилади.
Керак ва зарур вақтда берилган озгина кўмак ҳам инсон қаддини ростлаши учун тоғдек мадад бўлади. Айниқса, кўп болали, кам таъминланган оилаларга ажратиладиган ёрдам бундай оилаларда тарбияланаётган болаларнинг соғлом ўсиб, камол топишига, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади. Кам таъминланган аҳоли қатламини ўйлаб қабул қилинган Фармон Ўзбекистон ХДПнинг мақсақлари ва дастурий ғояларига тўла мос келади. Шу сабабли партиямизнинг ҳар бир фаоли, ҳар бир депутати унинг ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини олиб бориши мақсадга мувофиқ.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.