Инсон қадри прокурор ҳурматидан устун

 

Матбуот — жамият кўзгуси дейишади. Бугун нафақат матбуот, балки ижтимоий тармоқлар ва интернет ахборот сайтлари ҳам жамиятимиздаги воқеа-ҳодисаларга тезкор муносабат билдириб, камчиликларимизга кўзгу тутяпти. Шу кўзгуга қарасангиз, охирги ойларда юртдошларимизнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлиги тўғрисидаги муаммолар кўтариляпти.

Булардан “энг янгиси” ва қатъий эътирозга сабаб бўлаётгани Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Режаббоев ўз уйида ободонлаштириш ходимларини мажбурий ишга жалб қилгани ҳақидаги хабар бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан хизмат текшируви тайинланган.

Шунингдек, аввалроқ Тошкент вилоятида Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ходимини ҳақорат қилиб, мажбурий меҳнатга жалб қилгани, Қашқадарёда шифохона ходимлари ва Наманганда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга ёллангани ҳақидаги хабарлар ҳам ёритилган эди.

Юртимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди, хорижий экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Лекин, қатъий чоралар кўрилишига қарамасдан, нега ҳудудларда мажбурий меҳнатга оид қонунбузилишлар учраб турибди?

Мажбурий меҳнатга жалб этиш бўйича қонунчиликка назар солсак, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлашга асосан мажбурий меҳнатга жалб этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин қайта мажбурий меҳнатга жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 148.2 моддаси бўйича жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Мажбурий меҳнатга жалб этаётган раҳбарларга огоҳ бўлишлари лозимлигини эслатиб ўтамиз. Қонунларимиз сизни ҳар бир ҳаракатингизга баҳо беради ва зарур бўлса жазолайди. Лекин прокурор қонунни бузса, вазият бироз ўзгаради шекилли.

Биз мажбурий меҳнатни бартараф этишга масъул ташкилотлардан фаолиятини янада жонлантиришни, эскича фикрлаш ва эскича кайфиятдан воз кечолмаётган раҳбарлардан бугунги талаб асосида фаолиятини ташкил этишларини ҳамда фуқароларимиздан ўз меҳнат ҳуқуқларини билиб, уни қатъий ҳимоя қилишларини сўраб қоламиз.

Биргаликда барҳам бермасак, биз ҳеч қачон бу иллат устидан ғалаба қозонолмаймиз.

 

Малика Рашидова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш