«Аёллар муаммолари эътиборимизда»

 

Ушбу номдаги лойиҳа Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят ва Нурота туман кенгашлари ташаббуси билан Нурота шаҳридаги Сайидато маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди.

Маҳаллада 1356 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 689 нафари хотин-қизларни ташкил этади ва уларнинг 39 нафари «Аёллар дафтари»нинг 2 босқичига киритилган.

Лойиҳа доирасидаги тадбирлар маҳалладаги тиббий ҳимояга муҳтожлиги туфайли дафтарга киритилган хотин-қизлар учун ташкил этилган тиббий кўрик билан бошланди. Унда кардиолог, терапевт, нервпотолог ва бошқа мутахассисликдаги шифокорлар 30 нафар хотин-қиз ва 12 нафар ёшларни кўрикдан ўтказишди. Кўрик давомида 4 нафар аёлда юқори қон босими, 2 нафарида юрак қон-томир, 6 нафар ёшларда камқонлик касаллиги аниқланди. 2 нафар хотин-қизларга вилоят, 4 нафарига туман тиббиёт бирлашмасига даволаниши учун йўлланма берилди.

Шундан сўнг, халқ депутатлари Нурота туман Кенгаши депутати Акрам Якубов ва партия вакиллари иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда хотин-қизлар ўзларини қийнаётган муаммолар билан мурожаат қилишди. Қабул давомида аҳоли томонидан 10 га яқин масала баён қилинди. Хусусан, фуқаролар томонидан ишсизлик, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кам фоизли кредит олиш, ички йўлларни таъмирлаш, тикув машинаси олиш каби масалалар кўтарилди.

– «Аёллар дафтари»нинг 1-босқичида рўйхатда турардим, – дейди биз билан суҳбатда Шафоат Раҳимова. – Ҳомийлар кўмаги билан уйимизда нон ёпишни йўлга қўйиб, рўзғоримизга анчагина нафим тегиб турган эди. Ўзимни банд қилганим сабабли дафтардан чиқарилган эдим. Хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Сўнгги кунларда соғлигимда муаммолар пайдо бўлгач, шифокорга мурожаат қилдим. Унинг таъкидлашича, менга ушбу фаолиятимни давом эттириш соғлигимни ёмонлашишига сабаб бўлар экан.

Рисолат опа Тўрақулова ҳам соғлиги ёмонлашганлиги сабабли ишсиз бўлиб қолганлигини таъкидлади. У илгари мактабгача таълим муассасасида фаолият юритганини билдирди. Тикув машинаси олиб, қизи, келини ва ўзи тикиш қилишни йўлга қўймоқчи бўлаётганлигини, лекин маблағи йўқлигини айтди.

Фуқаролар томонидан билдирилган муаммо ва таклифлар юзасидан мутассади ташкилотларга депутатлик сўрови жўнатилди. Икки ёшгача ва 14 ёшгача фарзандлар учун ижтимоий нафақа тайинлаш бўйича билдирилган мурожаатларга нафақа тайинлашнинг ҳуқуқий асослари тушинтирилди. Шунингдек, камбағал ва кўп болали хонадон бекаларига депутат томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Куннинг иккинчи ярмида маҳаллада оилавий меҳмонхона ташкил қилиб, 6-7 нафар қўшни хотин-қизларни иш билан таъминлаган Рустам Раҳмонов хонадонида ташриф буюрилди. Туристлар учун яратилган шароитлар ўрганилди.

Партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман, шаҳарларида ўтказилмоқда.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш