Биз буни уддалаймиз!

 

Бола ҳаётнинг қувончи. Ўғилдир, қиздир биз уларсиз ҳаётимизни тасаввур эта олмаймиз. Уларни инжиқликларини кўтарамиз, барча истакларини қўлимиздан келгунича бажо келтиришга уринамиз. Бу ҳаракатларимизнинг ҳаммаси фарзандларимизни фақат яхши кўрганимиз учун эмас, балки уларнинг ҳаётга бўлган қизиқишлари яна ҳам ортиши ва дунёқараши ортиши учундир. Ҳеч қайси бир ота-она фарзандини қийналишини, ёмон йўлга кириб кетишини хоҳламайди. Биламизки, болаларнинг таълим олиши, соғлиги нафақат ота-она учун, балки давлатимиз учун ҳам ўта муҳимдир.

Келажагимиз эгаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонда Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) институтини таъсис этилиши, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Алоҳида қайд этиш лозим, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши имзоланиши мамлакатимизда эътибордан четда қолаётган болалар тақдири учун айни муддаодир.

Фарзанд тарбияси мураккаб ва масъулиятли. Болаларимиз жуда кузатувчан бўлишади. Ҳар бир қилаётган ишимизни кузатиб боради. Нима учун? Чунки биз улар учун идеал инсонмиз. Бизга ўхшаб юргиси, гапиргиси, нима иш қилсак шуни қилгиси келади. Баъзи ҳолларда биз бунга эътибор қаратмаймиз. Бу бола, ҳали ҳеч нарсани тушунмайди, фарқига бормайди деймизда, кўнглимизга келган ишни қилаверамиз. Мана шу эътиборсизлик, беписандлик фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир ўтказади.

Ўзингиз ўйланг, эндигина фикрлашни, ён-атрофида бўлаётган нарсаларга қизиқиши ортиб ораётган боладан биз нима кутишимиз керак? Инсон зоти қизиқувчан бўлгани учун ҳам унга тегма, мана буни қилма, у ерга борма деганинг билан шу ишларни қилади. Бу билан ҳаётни, дунёни ўз кўзи билан кўриб, ҳис қилишни ўрганади. Биздан талаб қилинадигани уларнинг қизиқишларини тўғри йўналтиришдир. Бу иш биз ўйлаганчалик осон эмас. Бола катта бўлгани, ён атрофида ўртоқлари кўпайгани сари унинг дунё қараши ҳам ўзгариб боради. Боғчага чиқишни бошлаганда бошқа болалар билан мулоқот қилишни ўрганади. Мактабга чиққанида эса шўхлиги, қизиқувчанлиги икки баробар кўпаяди. Чунки энди уни атрофида ўзига ўхшаган, қизиқувчан ўртоқлари бўлади.

Кўпгина ота-оналар фарзандлари мактабга чиқишни бошлаганда асосан бошланғич синф вақтида болага кўпроқ эътибор қаратишадида, юқори синфга ўтганда катта бўлиб қолдику, деб эътиборни, назоратни камайтиришади. Назоратсиз қолган бола эса дарс тайёрламасликни, дарсдан қочишни ва бошқа-бошқа салбий нарсаларни ўрганишни бошлаши мумкин. Ота-оналарнинг фарзандларига берадиган эътиборлари шу нуқтада авжига чиқишни бошлайди. Уларга жуда ҳам кўп таъқиқ қўйсангиз ҳам, ёки эркини ўзиги қўйиб қўйсангиз ҳам боланинг тақдири ёмон томонга ўзгариб кетиши мумкин. Шунинг учун уларни бўш вақтини имкон қадар унумли ўтказиш мақсадида қизиқишларига қараб спорт, фан, санъат, ҳунарга бериш керак.

Тўғри ҳамманинг имконияти ҳам тенг эмас. Шундай болалар бор оилавий шароити туфайли ота-онасига ёрдам беришига тўғри келади. Бундай ота-оналар албатта фарзандларига муносиб яшаш учун мактабни ташлаб қўймасликларини таъкидлашлари лозим. Бекор қолган бола нима иш қилишни билмайди. Ўзига ўхшаган бекорчи билан топишиб олади ва кўнглига келган ишларга қўл уради. Бундай самарасиз юришлар оқибатида бирор ғалвага ўралашиб қолади. Буларнинг барчаси назоратсизлик ва қаровсизликдан келиб чиқади.

Ўтган йилдан буён юртимизда пандемия сабабли мактабларда таълим жараёни масофавий ва анънавий таълим шаклида фаолият олиб боришга тўғри келинди. Ушбу жараёнда, афсуски баъзи бир ота-оналар фарзандлари таълимига эътибор бермай қўйдилар. Мактаб эса таълим ва тарбиянинг асосий пойдевори ҳисобланади. Болалар мактабда таълим олмайдиган бўлсалар, бир неча йилдан кейин ҳунар ўрганиши, бирор жойда муносиб иш ўрнига эга бўлишида қийинчиликка учрайдилар.

Тақдир тақозоси билан ота-она меҳридан маҳрум бўлган ва ногиронлиги бўлган болалар ҳам давлатмиз эътиборидан четда қолмаган. Уларни таълим олиши, иш ўрнига эга бўлиши ва уй-жой билан таъминланишида ҳозирги кунда жуда катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар юртимиз ривожи учун. Мамлакат тараққий этса, халқимиз муносиб ҳаёт кечиради. Халқимиз муносиб ҳаёт кечирса фарзандларимиз бехавотир униб, ўсиб яшайди. Фарзандларимиз ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун тўхтамаймиз ва биз буни албатта, уддалаймиз.

 

Баҳодир Камалов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш