Жамият ҳаётида аёлларнинг мавқеи мустаҳкамланиб, давлат ташкилотлари, жамоат хизматларида улар фаол иштирок этмоқда. Эътиборлиси, бошқарув соҳасида ҳам аёлларимизнинг ўрни ортиб бормоқда. Қолаверса, бугун аёл сиёсатда ҳам фаол! Ўзбекистон ХДП тизимида ҳам жамиятда ўз ўрни, ўз сўзига эга сиёсатчи аёллар талайгина.
Партиянинг яқинда бўлиб ўтган Пленумида Ўзбекистон Халқ демократик партияси тарихида илк бор Президент сайловига аёл киши, яъни Мақсуда Азизовна Ворисова номзод сифатида илгари сурилди ва бу воқелик жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортди. Аёл номзодни қўллаб-қувватлаётганлар билан бир қаторда, бу ҳолатга эътирозлар ҳам билдирилмоқда. Жумладан, айримлар аёл кишининг Президент сайловига номзод қўйилишини қабул қилолмай, аёллар оила, уй-рўзғор ишлари билан шуғуллангани маъқуллигини билдираётган бўлсалар, бошқалари Президентлик, раҳбарлик “эркаклар учун” деган фикрларни айтмоқда. Ушбу фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, тарихимиз, бугунимиз ва жаҳон сиёсатига бир назар ташлашни жоиз билдим.
Ахир, биз ўзининг зийраклиги, зукколиги, маънавияти, маданияти билан жаҳонга танилган, давлат ва салтанат бошқарувида оқилу донолиги билан донг таратган Бибихоним, Тўмарис, Нодирабегимлар авлодиданмиз. Аждодларимизнинг жасоратию, ақлу заковати барчамизга бирдек маълум.
Ёки, бутун дунё тан олган Маргарет Тэтчер (Буюк Британия), Индира Ганди (Ҳиндистон), Тансу Чиллер (Туркия) ва Беназир Бхутто (Покистон)дек сиёсатчи аёллардан, Бразилияни маҳорат билан бошқарган қилган Дилма Русеф, Косово президенти Атифете Яхягу, Германия федераль канцлери Ангела Меркелдан биз ўзбек аёлларининг қаеримиз кам?
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда билимли, салоҳиятли, кучли сиёсатдон аёллар кўпчиликни ташкил этади. Узоққа бормайлик, Халқ демократик партияси сафидаги таниқли, машҳур, фаол сиёсатчи аёллардан Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман Феруза Эшматова, Болалар Омбудсамани Алия Юнусова, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Гулнора Маруфова, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Мақсуда Ворисова каби халқ дардини юракдан ҳис этиб, ўзини дардидай қабул қила олган фидойи аёлларни, масъулиятли раҳбарларни халқимиз яхши танийди ва меҳнатларини эътироф этишади.
Кўриб турганингиздек, энг нуфузли, юқори даражали лавозимларда ишлаётган аёлларнинг кўпчилиги бизнинг партиямиздан.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, партиямиз аъзоларининг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида партиямиздан сайланган депутатларнинг 50 фоизини ҳамда маҳаллий кенгашларда эса 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу эса партиямизда ҳар доим ҳам гендер тенглигига эътибор қаратилганлигидан дарак беради. Чунки аёллар кўп бўлган жойда, ишда тартиб-интизом, ривожланиш бўлади, партия ва номзод дастурини тарғиб қилувчилар кўпаяди.
Шу ўринда Президент сайловига номзод кўрсатишдан олдин таркибимиздаги, сафимиздаги тажрибали салоҳиятли маслакдошларимиз фикрларига таянганимизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Аёл раҳбарларнинг адолатли, виждонан ўз ишига ёндашишини давлат раҳбаримиздан тортиб, оддий халқ ҳам яхши билишади ва кузатиб боришаяпти. Биз аёллари қадрланган, улуғланган юртда яшаймиз. Бугун хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, турли соҳаларда меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилган пайтда нега биз бундан унумли фойдаланмаслигимиз керак?
Аёлларни ҳам Президент, Бош вазир, вазир ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбари даражасига кўтаришни ва уларни шу лавозимларда қабул қила олишни ўрганишимиз ва ўргатишимиз керак назаримда.
Бугунги глобаллашув даврида аёлларнинг мавқеини кўтаришга барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз, уларни қўллашимиз жуда ҳам зарур. Чунки аёллардаги иш қобилияти, энергия мамлакатнинг янада тараққий этишида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга “нозик жинс” вакилларида мураккабликлар ва муаммоларни ҳал қилиш борасида табиат инъом этган анча хислат ва жиҳатлар мавжуд. Аёл киши шундай хислатларга эгаки, ҳар бир масала ва муаммони юракдан ҳис этади, у хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин синчковлик билан эътибор қаратади, ишга масъулият билан ёндашади, бир ишни бошладими охирига етказмай қўймайди. Партиядошимиз Мақсуда Азизовнада буларнинг ҳаммаси мужассам. Шунинг учун биз партиядошларимиз, фаолларимиз билан биргаликда маслаҳатлашдик, фикрлашдик ва Президент сайловига энг муносиб номзод Мақсуда Варисова деган қарорга келдик.
Мен Мақсуда Варисова ҳақида у кишини ўн йилдан ортиқ вақт давомида танийдиган инсон сифатида шу нарсани айта оламанки, Мақсуда Азизовнада муаммони илғай олиш, уни ўзиникидай қабул қила олиш ва унга тезкорлик билан, аниқ ечим топа олиш қобилияти бор. Мақсуда Азизовна ўз сўзи, принципи, қарашларига эга, маънавиятли, самимий, салоҳиятли, адолатли раҳбар, муносиб сиёсатдон, кўпчиликка намуна бўла оладиган оилапарвар инсон. Халқимиз ижтимоий ҳимояси йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда Мақсуда Ворисованинг алоҳида меҳнатлари, ўрни бор.
Ўзбекистон ХДП мустақил Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президент сайловида иштирок этиб келаётган бой тажрибага эга сиёсий куч ҳисобланади. Тажрибадан келиб чиқиб, кўп сонли, салоҳиятли тарафдорларимиз ва аъзоларимиз билан бирга навбатдаги Президент сайловида муносиб иштирок этиб, илгари сурилган Мақсуда Варисова номзодини қўллаб-қувватлаймиз ва ғалаба учун бор имкониятимизни, кучимизни сарфлаймиз.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.