Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам ҳаётда тўлақонли яшашга ҳақли

 

Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамма қатори тенг яшашлари учун катта ишлар амалга оширилмоқда. Бунга етарли асосларимиз бор, албатта. Айтайлик, уларни уй-жой билан таъминлаш, ногирон фарзанди ёки оилада ногиронлиги бор инсонларни парвариш қилаётганларга меҳнат стажи ёзилиши, уларнинг хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги ёки яқиндагина ратификация қилинганлиги яққол мисол бўла олади.

Куни кеча қабул қилинган навбатдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, болаларни реабилитация қилиш, тўлақонли ҳаёт тарзини юритишга кўмаклашиш ҳамда имкониятларини ошириш учун уларни замонавий протез-ортапедия мосламалари ва реабилитация қилишининг техник воситалари билан таъминлаш, соҳага ахборот коммуникацион технологияларни жорий этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қарорда асосан ногиронлиги бўлган шахсларга, айниқса, болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини бугунги босқичда яхшилашнинг энг муҳим йўналиши белгилаб берилган. Ҳатто мактабгача ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларни замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш орқали мослаштирилган ўқув тизимини жорий қилиш, шунингдек, жарроҳлик амалиётини ўтказишдан олдин ва ундан кейин реабилитация жараёнини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ бепул амалга ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий электр юритмали ногиронлар аравачалари билан босқичма-босқич таъминлаш, кўзи ожиз болалар ва катталарни ҳаёт учун зарур бўлган техник воситалар, жумладан овозли термометр, йиғма Брайл алифбоси билан босқичма – босқич таъминлаш каби бир қатор аҳамиятга молик масалалар қарорда ўз аксини топган. Бу эса кўплаб ногиронлиги бўлган шахсларни яъни партиямиз электорати аъзолари манфаатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Мазкур қарор партиямизнинг сайловолди дастурига бевосита ҳамоҳанг.

Шунингдек, қарорда йил якунига қадар 2 минг дона замонавий эшитиш мосламаларини харид қилиш ва уларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларга етказиш, 2021 йилда қўшимча 2 минг нафаргача, 2022 йилдан бошлаб эса ҳар йили 3 минг нафаргача бола туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлар бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказиш, йилига ўртача 1000 нафар болага туғма ва потологик сон чиқишини жарроҳлик амалиёти орқали даволаш учун зарур металл конструкцияларини сотиб олиш каби муҳим ишларни амалга ошириш вазифалари белгилаб берилди.Бу эса айни пайтда Қонунчилик палатасига депутатлар номига келиб тушган кўплаб мурожаатларнинг ечим топишида, халқимизнинг эса рози бўлишига замин яратилади.

Эътиборли томони шундаки, эндиликда “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси 2022 йил 1 майга қадар ишга туширилиши белгилаб берилмоқда. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш, протез-ортапедия мосламалари ва реабилитация техник воситаларига муҳтож бўлган шахсларнинг шаффоф электрон навбат тизимини таъминлашга хизмат қилади. Бу билан таниш билишчиликка, адолат мезонларининг бузилишига барҳам берилади. Айниқса, нажот истаб ўзи кўнгли ўксик бўлиб турган фуқароларнинг яна адолатсизликдан қалби синишининг олди олинади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш