2017-2021 йиллар давомида юртимизда барча соҳаларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар негизини ўрганиб, уни баҳоли қудрат таҳлил этар эканмиз, бугунги кунга қадар давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган юзлаб Қарор ва Фармонлар ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, белгиланган чора-тадбирлар замирида фақат ва фақат халқимиз манфаатлари ётганлигини кўрамиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган мурожаатида ҳам эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида қайд этиб ўтилган эди.
Мурожаатномада, ҳозирги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандларимиз борлиги, уларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишларига ёрдам бериш, уларни уй-жой билан таъминлаш – нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиз эканлиги, 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилиши ва умуман, бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтирилишини, бу маблағлар йил давомида кўпайтириб борилиши ва бу ташаббус умумхалқ ҳаракатига айланиши, саховатпеша ҳамюртларимиз эса ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшишларига ишончи комил эканлигига ҳам алоҳида урғу бериб ўтилган эди.
Ўтган давр мобайнида олдимизга қўйилган шу ва шу каби вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида, шунингдек халқимиз бошига тушган оғир синовли кунлар - коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар мунтазам равишда амалга оширилиб борилди. Мисол учун жорий йилнинг 28 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори тасдиқланиб, унга кўра, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"нинг юритилиши бўйича тегишли вазирликлар масъул этилиб зарур чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, "Аёллар дафтари"га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда ажратилиши ва 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилиши белгиланди. "Ёшлар дафтари" борасида эса, тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги кредитлар таъминотсиз ажратилиши, микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарма кафиллиги ва бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилиши йўлга қўйилди. Эндиликда эса, мазкур ишларнинг бевосита давоми сифатида Ўзбекистонда «Меҳр дафтари» тизими йўлга қўйилиб, 1 ноябрдан унга киритилган етим болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этиладиган бўлди. Бу борада Президентимизнинг 9 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, етим болаларга уй-жой ажратишнинг янги тизими жорий этилмоқдаки, эндиликда уй-жойга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим бола учун (25 квадрат метрдан кам бўлмаган) 1 хонали, улар ўртасида тузилган оила учун (50 квадрат метрдан кам бўлмаган) 2 хонали уй-жой ажратилади. Уй-жой етим боланинг хоҳишига кўра, унинг қариндошлари яшайдиган ёки бошқа ҳудудда янги қурилган кўп квартирали уйлардан, ногиронлиги бўлган етим болаларга эса биринчи қаватдан «онлайн навбат» (2022 йил 1 сентябрдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри») асосида ажратилади; етим болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан, бироқ бола 30 ёшга тўлгунича уни сотиш, гаровга қўйиш, ижарага бериш, оила аъзоси бўлмаган шахсларни рўйхатга қўйиш ҳуқуқисиз берилади; 2021 йил 1 декабрга қадар 757 нафар етим болаларга уй-жой ажратиш бўйича мақсадли параметр (охирги 10 йилда ажратилган уй-жойлар сонидан 1,2 баравар кўп) тасдиқланмоқда. Уй-жойларни харид қилиш учун тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджетлардан жами 120 млрд сўм маблағ ажратилади. 2022 йилдан етим болалар учун уй-жой харид қилиш учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.
Президент қарори билан уйга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим болага 1 хонали, улар ўртасида никоҳ тузилган тақдирда 2 хонали уй-жой ажратиш тартиби белгиланмоқда. Бола 30 ёшга тўлгунча уйни сотиш, гаровга қўйиш ва ижарага бериш қўйиш мумкин эмас. Йил якунига қадар 757 нафар болани уй билан таъминлаш режа қилинган. Бунга қадар етим болаларга бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уйлардан ажратиб келинган эди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарор, ўзбек халқининг нақадар инсонпарвар ва меҳридарё халқ эканлигининг яна бир ёрқин исботидир.
Зулайхо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП аъзоси.