“Меҳр дафтари” кемтик қалблар учун энг тўғри йўл

 

Янги Ўзбекистонда инсонни улуғлаш, унинг ҳар аъзоси ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш биринчи даражали вазифа. Айниқса, ота-она меҳридан мосуво етим болалар тақдири давлатимиз назоратида. Аниқроқ айтганда, боланинг бегонаси бўлмайди, деган тамойил давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Давлатимиз раҳбарининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам мазкур сиёсатнинг амалдаги исботи ҳисобланади.

Қарор билан “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилмоқда. Эндиликда, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари таркибидан “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчалари директорларининг биринчи ўринбосарлари тайинланади. “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчаларига олий таълим муассасалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари бириктирилади, якка кураш, от спорти, футбол, сузиш, теннис, шахмат каби спорт турлари бўйича тўгараклар ташкил этилади, болалар йилига 2 маротаба мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга олиб чиқилади, шунингдек, тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилади.

Олий Мажлис Сенатига тарбия муассасаларидаги болалар муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича “Меҳр дафтари” тизимини ҳаётга татбиқ этиш вазифаси юклатилди ва етим болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади. Жамғарма маблағлари ҳомийлик, алкоголь маҳсулотлари улгуржи савдо корхоналари соф тушумининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма (йиллик 85 млрд. сўм) ҳисобидан шакллантирилади.

Айтиш жоизки, “Меҳр дафтари” тизимини ҳаётга татбиқ этиш масаласида ижтимоий тармоқларда айрим нохолис муносабатлар билдириш ҳолатларига ҳам дуч келиш мумкин. Улар наздида бу дафтар натижа бермайди гўё. Аммо кези келганда айтиш жоизки, ҳар қандай ташаббусни амалга оширишда ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам бўлади. Беш қўл баробар эмас, ахир. Бугун кўнгли ўксик, меҳрга муҳтож етимларнинг бошини давлат силамаса ким силайди. Давлатимиз раҳбарининг қарори ва унда белгиланган вазифалар ижроси шуниси билан ҳам аҳамиятли.  

Уй-жойга муҳтож “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларининг муаммосини айнан “Меҳр дафтари” га тиркаш орқали ечиш энг тўғри йўл. “Меҳр дафтари”га киритилган болалар учун жорий этилган фонд доирасидаги ишларда маблағлар ўмарилишининг олдини олиш ёки коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик биз депутатларга ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан биз депутатлар, Халқ демократик партияси фаоллари ва жонкуярлари жамоатчилик назоратини олиб борамиз. Белгиланган вазифалар ижроси бизга катта масъулият юклайди.

Албатта, ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли. Бунинг учун у туғилган ва яшаётган мамлакатда унинг барча имкониятларини юзага чиқариш учун шарт-шароитлар яратилган бўлиши керак. Ўзбекистон Президенти имзолаган ҳужжат ана шу кафолатни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш