Барчамиз гувоҳ бўлиб, хавотир билан кузатаётганимиз Афғонистон воқеалари, албатта, бутун халқимизни ташвишга солмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондаги вазият бўйича амалга ошираётган фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар халқимизнинг хоҳиш-истагига ҳам мос бўлиб, халқимиз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, деб ўйлайман.
Қўшни мамлакатдаги ҳолат Халқ демократик партияси фаолларида ҳам чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемиясининг янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда. Ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишига йўл қўймасликка чақирамиз.
Уруш афғон халқининг танлови эмас. Кескин низоли вазият оқибатида минглаб афғонистонликлар қочоққа айланди, бегуноҳ инсонлар, болалар, аёллар, қариялар кўчада қолди. Бу ҳолат давом этмаслиги учун барча имкониятларни ишга солиш зарур.
2020 йилнинг сентябрь ойида бошланган бевосита тинчлик жараёни, афғонлараро тўғридан-тўғри мулоқотни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Эндиликда кўп нарса Афғонистон халқининг мустаҳкам иродаси, бирлиги ва қатъиятига боғлиқ.
Бу мамлакатда тинчликни таъминлаш фақатгина хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишдангина иборат эмас. Иқтисодиётни тикламасдан, аҳолининг мураккаб ижтимоий муаммоларини ҳал қилмай туриб, бу мамлакатда тинчликка эришиб бўлмайди. Бунинг учун, албатта, халқаро ташкилотлар, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатувчи уюшмалар фаол позицияда бўлишлари талаб қилинади.
Афғонистонда тинчлик ҳақидаги келишувларнинг барқарорлиги, аввало, мамлакатдаги барча сиёсий кучлар – сиёсий партиялар, ҳаракатлар ва этник гуруҳларнинг ушбу жараёнга жалб қилинишига боғлиқ бўлади. Давлат тизимидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тиббий ёрдам кўрсатиш, энг зарур озиқ-овқатлар билан таъминлаш тизимини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, фуқаролик жамияти тузилмасининг тўлиқ ишлаши, аҳоли, жумладан, хотин-қизлар ва болаларнинг хавфсизлигини кафолатлаш долзарб масалалардан бўлиб турибди.
Доимо барқарор тинчликни ўрнатиш бўйича сиёсий жараёнлар Афғонистон халқи манфаатини кўзлаган ҳолда олиб борилиши лозим.
Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзХДП фракцияси аъзоси.