Бўлажак номзод учун имзолар йиғиш жараёни бошланди

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини йиғишни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 7 август куни бўлиб ўтган партиянинг IV пленуми қарори, шунингдек, Сайлов кодексининг 63-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига партиянинг Президент сайловида иштирок этиши юзасидан жорий йилнинг 9 август куни расман ариза билан мурожаат қилинган. Ўзбекистон ХДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида Мақсуда Азизовна Ворисованинг маълумотлари тақдим этилди. Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 августдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига расман ижозат берилди. Сайлов кодексининг 64-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатишнинг аниқ тартиби ва талаблари белгилаб берилган. Ундаги энг асосий талаблардан бири бу - Ўзбекистон Республикасидаги умумий сайловчиларнинг бир фоизи сиёсий партия томонидан кўрсатиладиган номзодни сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб, ўз имзоларини қўйиб бериши борасидаги талабдир.

Марказий сайлов комиссиясининг 9 августдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округлари тузилди. Мамлакатимиздаги умумий сайловчиларнинг сони – 21 миллон 266 минг 11 нафар, деб эълон қилинди. Қонунчиликка мувофиқ, партиядан кўрсатиладиган номзодни рўйхатга олиниши учун камида 212 минг 660 нафар сайловчилар ЎзХДПдан бўлғуси номзод сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаши лозим бўлади.

Қайд этилганидек, партияга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, республикадаги умумий сайловчилар сонининг 1,4 фоизи ҳисобида, 9 925 дона имзо варақа бланкалари топширилди. Бу 297 750 нафар сайловчиларнинг имзоларини тўплаш имкониятини яратиб бермоқда.

Шундан келиб чиқиб, сайловчилар сони, ҳудуднинг жойлашуви ҳамда партиянинг жойлардаги тарафдорлари қамровини эътиборга олиб, партиядан Президентликка бўлажак номзодни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини йиғиш (тўплаш) юзасидан тақсимот Режаси ишлаб чиқилди.

Имзолар тўплаш ишларини партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари, бошланғич ташкилотлар етакчилари ҳамда партия фаоллари амалга оширишлари кераклиги белгиланди.

Таъкидланганидек, сайловчиларнинг имзосини тўплаш уларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида амалга оширилади. Шу билан бирга, 18 ёшга тўлмаган ва Ўзбекистон Республикаси фуқороси бўлмаган шахслардан имзолар йиғишга йўл қўйилмайди. Йиғилишда имзо йиғиш (тўплаш) жараёнларини самарали ташкил этиш юзасидан тавсиялар билдирилди.

 Энг аввало, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, имзоларни очиқ ҳавода ёки ижтимоий масофани сақлаган ҳолда йиғиш, имзо варақаларини тўғри тўлдириш бўйича аниқ масъулларни белгилаш, уларга имзо йиғилиш тартиб қоидаларини тушунтириш ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Партия ҳудудий кенгашларининг имзо йиғиш жараёнига масъулият билан ёндашиши кераклиги тушунтирилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш