Ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқлари кафолати қачон таъминланади?

Бугун дунёда пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши кузатилмоқда. Ушбу мураккаб шароитда юртимизда аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш кун тартибидаги долзарб масала сифатида турибди.

Президентимиз томонидан кейинги йилларда қабул қилинган фармон ва қарорлар камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлашнинг қонуний фаолиятига пойдевор вазифасини бажармоқда.

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида соҳага оид давлат сиёсатини амалга оширишга доир илғор хорижий тажрибани ўрганиш, депутатлик ва жамоатчилик назорати тарзида “мардикор бозорлари”ни ўрганиб чиқиш ва шу аснода фуқароларни вақтинча бир марталик иш билан таъминлашга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикасида иш ва хизматлар кўрсатиш фуқаролик ва меҳнат ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади. Лекин ёлланиб ишловчи ишчи хизматчиларнинг иш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятининг айрим масалалари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган. Норасмий ёлланган ишчилар, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан кафолатланган ижтимоий имтиёзларни ололмайдилар, айниқса, шикастланиш ҳолати содир бўлган вазиятда ишчи мутлақо ҳимоясиз қолади.

Бундай ёлланма ишчилар сафига нафақат туманлардан вилоят марказларига келиб ишловчи ишчи кучлари, балки мавсумий қурилиш ишларида банд бўлган кўплаб ишчилар, тарбиячилар, энагалар, ошпазлар, боғбонлар, ҳайдовчилар, ўқитувчилар, репетиторлар ва уй хўжаликларига хизмат кўрсатувчи бошқа касб вакиллари киради. Бундай шароитда ёлланма ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини давлат қандай ҳимоя қилиши керак? Масалан, ишчиларнинг иш ҳақи фонди ишлаб чиқариладиган маҳсулотдан келадиган даромаднинг қанча қисми бўлиши керак? Буни ким белгилайди, давлатми ёки тадбиркорми?

Бу борада хориж тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Германия, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларда ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ишлаб чиқилган. Лекин мазкур давлатларда асосан хорижий меҳнат мигрантлари ва ноқонуний кириб келиб меҳнат қилаётганлар ўртасидаги ҳуқуқий тафовутларни белгилаш мақсадида нормативлар ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасида эса ички миграция, кунлик ёки муайян ишнинг натижасини топширгунга қадар бўлган оғзаки шартнома асосида меҳнат қилувчиларнинг ҳуқуқлари кафолатларини норматив тарзда белгилаб қўйиш талаб этилади. Мазкур асослардан келиб чиқиб, биринчи навбатда “Ёлланма ишчилар ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонунларини қабул қилиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Қонун билан ёлланма ишчилар муайян ҳақ эвазига ёлланиб, маълум бир ишларни бажарганлиги учун унга тўловлар тўлиқ ёки умуман амалга оширилмаганда, меҳнат шароитлари ва санитар гигиеник талабларга жавоб бермайдиган жойларда ишлаганлиги учун соғлиғига зарар етказилган ҳолларда, шунингдек, ишлар (хизматлар)ни бажариш вақтида соғлиғига зарар етган, жарохат олган ёки вафот этган ҳолларда ҳуқуқлари кафолатланади.

Шундан келиб чиқиб, соҳадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, ички меҳнат мигрантлари (ёлланма ишчилар) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида “Ички меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш вақти келди.

Соҳадаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, албатта, фуқаролар манфаатига, ёлланма ишчилар ҳуқуқларининг таъминланишига хизмат қилади.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш