Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида “Ўзбекистонда ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар: соғлиқни сақлаш тизими мисолида” мавзусида Сурхондарё вилояти Денов туманида семинар ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда маҳаллий кенгаш депутатлари, тиббиёт ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини сақлаш ва янада яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитларни шакллантириш ва профилактика тиббиётини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги баён этилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон дунёнинг оз сонли мамлакатлари қаторида ўз ҳудудида безгакни тўлиқ йўқ қилишга эришган давлат сифатида кўрсатилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини алоҳида таъкидлаш зарур. Унда тиббиёт соҳаси ривожи йўлида қилиниши керак бўлган муҳим вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган. Халқаро стандартлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида соҳани комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш, тизимни молиялаштириш ва ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризмдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини қўллаш, инвестицияларни жалб этишда қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш ҳамда “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг татбиқ этиш каби йўналишлар шулар жумласидандир.
Халқаро экспертларнинг кўмаги туфайли соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, мажбурий тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли бўлган одатларга карши кураш каби қатор вазифалар бўйича самарали чоралар кўрилмоқда. Бундай кенг қамровли ишлар натижасида мамлакатимизда мустақиллик йилларида оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайди. Мамлакатимизда камолга етаётган болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Яна бир масала, тиббиёт ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган барча турдаги ишларга жалб қилиш, тиббиёт ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш таъқиқланди. Айни кунларда барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавирус эпидемиясининг кенг тарқалишининг олдини олиш, вирус билан касалланганларни талофатсиз соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган.
Пандемия шифокорлар қанчалик муҳим касб эгалари ва уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга эканини кўрсатиб берди. Шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонлик ҳисобланади. Аҳолини вакцинация қилиш бўйича ҳам тарғибот ишларини янада жонлантириш кераклиги айтилди. Фуқаролар ўртасида тарқалаётган асоссиз миш-мишларга фақатгина тиббиёт ходимларигина асосли жавоб бериши билдирилди. Зеро, ёнимизда турган ушбу кўринмас хавфга мутахассисларнинг таъкидлашича, фақатгина аҳолининг камида 70-80 фоизи вакцина билан эмлангандагина курашишимиз мумкин.
Семинар асносида фуқароларни коронавирусга қарши эмлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати билан танишилди. Денов тумани тиббиёт бирлашмаси маъмурияти биносида коронавирусга қарши эмлаш Штаби ташкил этилган. Алоҳида 2 та хона ажратилган ва 15 та компьютер жамланмаси ўрнатилган. Тиббиёт бирлашмасининг тиббиёт ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ҳамкорлигида аҳолига ташвиқот ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Натижада шу кунгача туман аҳолисининг 50 фоизи эмланган бўлиб, махсус платформа (emlash.uz)га киритилиб борилмоқда. Мазкур масала бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Умуман, мустақиллик йилларида айниқса, сўнгги тўрт йилда соҳада ўз вақтида амалга оширилган ислоҳотлар бугунги дунё тиббиётини синовдан ўтказаётган пандемия даврида ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.