Халқ саломатлиги йўлидаги эзгу ислоҳотлар

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавобларини жуда катта қизиқиш ва фахр билан танишиб чиқдим.

Таъкидлаганидек, кейинги 30 йилда Ўзбекистон аҳолиси 15 миллион нафарга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси, демакдир. Қолаверса, вақт ўтиши, ҳаёт ўзгариши билан одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Еримиз, сувимиз эса кўпаймаслиги табиий, албатта. Бундай ресурслар нафақат бизда, бутун дунёда чекланган. Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт.

Президентимиз бу масалани таъкидлабгина қолмай, уларни ечиш механизмларини шу кунга қадар қадамма-қадам кўрсатиб келмоқдалар. Биргина соғлиқни сақлаш йўналишидаги тарихий ўзгаришлар халқимизнинг ҳаёт сифатини кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пандемия даврида мамлакатимизда халқимиз соғлигини асраш ва ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган сиёсат сабабли коронавирусни юқтириш ҳолатлари ва ўлим кўрсаткичларининг сони ошиб кетишига йўл қўйилмади. Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилишининг ўзи ҳалқимиз сарсон саргардонлигининг олдини олди.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чоралари кўрилиши, бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори штат бирлиги ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилиши шифокор ишини енгиллатибгина қолмай, узоқ чекка ҳудуд аҳолисини ҳам тиббий хизматлардан баҳрамандлигини оширди.

Мамлакатимизда хусусий тиббий клиникалар очишга кенг имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан, жойларда гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаяпти. Шунинг учун давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошланди. Тиббиётдаги яна бир мураккаб муаммо юқори малакали кадрлар етишмаслиги эди.

Шу боис янги ўқув йилидан бошлаб клиник ординатуранинг қабул квотаси икки баробар оширилиши, вилоят ҳокимликлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган ана шундай мутахассис шифокорларни тайёрлашга маҳаллий бюджетдан грантлар ажратилиши катта янгилик бўлди. Молиявий муаммо туфайли ўқий олмаган кўплаб бакалавр даражасидаги врачларни орзуси ушаладиган бўлди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатлари кузатилиши, албатта, ачинарли ҳолат. Халқимиз бошига кўринмас ёв ҳужум қилиб турган бир вақтда айрим инсонларнинг бойлик йиғиш, даромад орттиришга ружу қўйиши инсонийликка зид амал. Ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланганлиги ва айбдорлар қонуний жазога тортилганлиги, шунинг учун бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилаётганлиги Президентимиз билан мулоқотда ҳам таъкидланди.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида аввало ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керак.

Айниқса, коронавирус пандемияси бутун ер юзида, жумладан, юртимизда ҳам тарқалишда давом этаётган ҳозирги пайтда бунинг аҳамияти беқиёсдир. Шу боис бепарволикка, лоқайдликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Коронавирус ҳали ҳам ёнимизда, биз билан бирга яшамоқда.

Шунинг учун мамлакатимизда тегишли тиббиёт марказлари, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг етарли захираси шакллантирилди. Президентимиз яна бир бор халқимизни ўз соғлиғига маъсулият билан қарашга, хавфли касалликка қарши эмлаш тадбирларида фаол иштирок этишга чақирдиларки, бу албатта, ҳар бир инсон ҳаётига, оиласига бефарқ бўлмаслигига қаратилган даъватдир.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш