“Янги Ўзбекистон” газетасида Президент Шавкат Мирзиёев билан эълон қилинган суҳбат халқимизга тақдим этилган беш йиллик самарали меҳнат ва фаолият ҳақидаги ҳисобот, десак янгилишмаган бўламиз.
Президентимиз энг улуғ, энг азиз байрам – давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бораётгани, бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун-моҳияти, ушбу ноёб ҳужжатда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифалар стратегик мақсад қилиб қўйилганлигини баён этди.
Янги Ўзбекистон — бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш, демакдир. Президентимизнинг бу таъкиди нимадан далолат беради? Энг аввало, иқтисодий чекловлар ҳаётимиздан олиб ташланди, оддий халқ тили билан айтганда, биз қонуний йўллар билан валютани банкларда эркин алмаштира бошладик, конвертация муаммоси ечилди, тадбиркорнинг йўли очилди, тадбиркорлик рўйхатидан ўтиш осонлашди, бюрократик тўсиқлар камайди. Халқимиз, шу билан бирга, халқаро ҳамжамият ислоҳотларни катта умид ва ҳаяжон билан кутиб олди.
Зеро, иқтисодий чекловлар, тўсиқлар оилалар даромадларининг кескин камайиши, ишсизликнинг ошишига, инсон капиталининг чиқиб кетишига ва сармоялар оқимининг камайишига олиб келган эди.
Бугунги кунда эса мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта қурилмоқда, бозор механизмларини амалда жорий этиш бошланди ва бу халқимизнинг хаётида ўз таъсирини кўрсатмоқда. Фуқаролик олиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда Тошкентдан “прописка” олиш билан боғлиқ муаммолар тарихда қолди.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли сифатида белгиланди. Бу бунёд этилаётган Янги Ўзбекистоннинг ўзига характерли жиҳатларидан биридир.
Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда.
Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда ва халқимизнинг дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.
Биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшни-қўшниси билан, ака-укаси, ота-боласи, қон қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Виза масалалари ҳал этилди. Мамлакатимизда сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан мулоқотни йўлга қўйиш, мажбурий меҳнат муаммосини тан олиш, мигрант ишчиларга нисбатан стратегияни ишлаб чиқиш ислоҳотлари ҳам мамлакатимизнинг халқаро имиджини мустаҳкамлади. Янги Ўзбекистон ғояси кўз ўнгимизда реалликка айланмоқда.
Дилбар Мамаджанова
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси