“Янги Ўзбекистон”даги ўзгаришлар ифтихор бағишлайди

 

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров билан ўзаро суҳбатида билдирган фикрларини ўқиб чиқарканман, фахр туйғуси қалбимдан ўтди. Шу юрт фарзанди сифатида айнан ёшлик йилларимиз, мустақил ҳаётга йўл олган давримиз айнан мустақилликка эришган йилларимизга тўғри келади. 1992 йилда талабалик давримиз тугаб, мактабда иш бошлаганман. Орадан ўтган йиллар мобайнида ватанимизда бўлаётган ўзгаришлар, бунёдкорликлар билан ҳамоҳанг равишда меҳнат қилиб келяпман. Талабалик йилларимизда нонни навбатда туриб олган кунларимиз, кир ювишга хатто совун ва сода тополмаган пайтларимиз бўлди, айрим қишлоқ жойларида ғўзапоя кулига кир ювган инсонларни кўрдик ёки бўлмаса, ун тақчиллигидан маккага нон қилган оилаларни кўрдик. Бу билан нима демоқчиман? Ҳозир қайси соҳани олманг, ҳамма жабҳада туб ўзгариш, асосийси, халқнинг қорни тўқ, усти бут, кайфияти кўтаринки, эртанги кунга ишончи юқори.

Мустақилликка осон эришмадик, уни сақлаб қолиш ҳам осон кечмади. Аммо халқ ва давлат ҳокимияти жипслиги туфайли қийинчиликлар мардонавор енгиб ўтилди. Мустақиллик инсонларимизга жуда катта имкониятлар эшигини очди. Президентимиз мана шу энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллик байрамини пойтахтимизга туташ бўлган 100 гектардан ортиқ улкан “Янги Ўзбекистон” боғи майдонида ўтказилишини суҳбат чоғида эътироф этдилар.

Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилаётганлиги, мана шу қисқа вақт ичида тарихий ўзгаришлар бўлганлигини бу ислоҳотларни амалга оширишда мард, олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марраларни забт этилганлигини ўз фикрларида таъкидлаб ўтди. Аввало тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси – Асосий қомусимиз ишлаб чиқилди. Ватанимиз суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаганлиги, Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузулмага асос солинганлигини, давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи - қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топди.

Юртбошимиз суҳбат чоғида ўз ҳаётий тажрибалари билан ҳам ўртоқлашдилар, кўп йиллар қуйи тизимдан юқори тизимгача бўлган давлаи идораларида ишлаганликлари, эски бошқарув тизимидаги барча нуқсон ва камчиликларни, айниқса, аҳолини қийнаётган дарду муаммоларни яхши билганликларини айтдилар. Раҳбарларнинг кўпи оёғи ердан кўтарилгани, халқдан узоқлашгани ва ўз навбатида, халқнинг дарду ҳасратини эшитмай қўйгани айни ҳақиқат. Бундан тўрт йил аввал Президентимиз ташаббуси билан Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши, раҳбарларнинг пастга тушиб халқ муаммоларини тинглай бошлагани, туманларда секторлар фаолиятини йўлга қўйилганлиги, қўйингчи, ислоҳотлар моҳияти негизида халқимизни рози қилиш истаги ётганлигини кўриш мумкин. Маҳаллабай ишлаш тизимининг ташкил этилиши, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби тизимнинг жорий этилиши аҳолининг эҳтиёжманд қатлами муаммоларини ҳал қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Ислоҳотлар шиддат билан кетаётган юртда ишлаш ва яшаш янада ёқимли ва тотли. Халқ манфаатлари устувор бўлган юртда амалга оширилаётган янгиликлар, ўзгаришлар бизга катта куч ва ғурур, ифтихор бағишлайди.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш