Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида содир бўлган воқеа ҳозир кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Жами 32 нафар бола овқатдан заҳарланган. Болалар турли шифохоналарга жойлаштирилган. Дастлабки кунданоқ клиник белгиларга кўра бу ҳолатга сабаб сифатида ботулизм ташхиси гумон қилинган.
Бугунги кун ҳолатига кўра, 2 нафар бола Оққўрғон туман юқумли касалликлар бўлимида даволанмоқда, беморлар аҳволи қониқарли. 8 нафар тарбияланувчи Тошкент шахар ва вилоят касалхоналарида даволанмоқда. Касалхоналарга ботулизмга гумонланиб ётқизилганларнинг таҳлили натижалари 20-22 август кунлари маълум бўлади.
Оққўрғон туманида болалар муассасида содир бўлган нохуш ҳолат юзасидан туман депутатлари алоҳида текширув ўтказди. Унинг якунлари бўйича масалани тез кунда Халқ депутатлари Оққўрғон туман кенгаши сессиясига киритиш режалаштирилган. Бундай кўнгилсиз ҳодисалар қайта такрорланмаслиги учун мактабгача таълим муассасаларидаги умумий овқатланиш ҳолати устидан доимий депутатлик назоратини ўрнатишга келишиб олинди.
З.Чинташев,
Халқ депутатлари Оққўрғон туман Кенгаши депутати.