Сайловнинг адолатли ўтишини кузатувчилар таъминлайди

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан “Партия кузатувчиларини сайловга тайёрлаш” мавзусига бағишланган видеоконференция шаклидаги амалий семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракция аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари фаоллари, тарғиботчилар гуруҳлари аъзолари, Марказий сайлов комиссияси вакиллари иштирок этди. Семинарда “Сайловларда кузатувчилар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари” ҳақида сўз борди.

Нотиқлар таъкидлаганидек, Сайлов кампаниясида кузатувчиларнинг иштирок этиши сайлов натижаларининг ошкоралиги ва ҳаққонийлигининг ғоят муҳим кафолатидир. Сайлов кампаниясини ташкил этишда ошкоралик муҳитининг яратилиши, сайлов куни сайлов участкаларида кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайловнинг адолатли эканлигига жамоатчиликнинг ишончи ортишини, фуқароларнинг сайлов жараёнида фаол иштирокини таъминлайди.

Кузатувчилар муҳим сайлов-технологик вазифани ҳам бажарадилар: овозларни санаб чиқишни кузатган ҳолда улар овоз натижаларининг умумий якунлари аниқланишини таъминлайдилар, назорат усулларини қўллаб, кузатувлар натижасида тўпланган ахборот манбаи асосида сайлов расмий якунларига ҳаққоний баҳо ва хулоса берилиши мумкин. Сайлов тартиб-таомилларининг бузилганлиги кузатувчилар томонидан аниқланганлиги ва таҳлил натижалари сайлов қонунчилиги ҳамда сайлов технологиясини такомиллаштириш имконини беради.

Тадбирда кузатув сайловчилар рўйхатини тайёрлаш ишларини, участка сайлов комиссияларини тузишни, сайловолди кампаниясининг ишларини кузатиб бориш, сайлов куни кузатув олиб бориш, овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш, аризаларни бериш жараёнини кузатиб боришни ўз ичига олиши таъкидланди. Маърузачилар тадбир иштирокчиларининг сайлов ўтказилишига масъул деб тайинланган шахслар; партия кузатувчилари, номзоднинг вакиллари, сайловнинг ҳаққоний ўтказилишини таъминлайдиган, шахслар ҳақидаги саволларига жавоб бердилар.

Тадбирда кузатувчиларнинг сайловда ва сайловдан кейинги фаолияти, уларнинг ҳуқуқлари юзасидан батафсил маълумот ва тушунчалар бериб ўтилди. Кузатувчиларга участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш ва фикр билдириш ман этилиши, улар фақат қонунийликка риоя этилишини кузатишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш