Фармон айём олдидан халқимизга муносиб туҳфа бўлди

 

Юртимизда аҳолининг, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг, ногиронлиги бор фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси учун кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Мақсад коронавирус инқирози пайтида уларнинг мушкул аҳволга тушиб қолишига йўл қўймаслик. Давлатимиз раҳбарининг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармони ҳам шуниси билан аҳамиятли. Айни ташвишли кунларда пенсияси оширилишини кутган қанчадан-қанча юртдошларимиз бор. Бундан айрим юртдошларимизнинг ташвишлари бироз арийдиган, ўзлари эса хурсанд бўладиган бўлди.

Фармонга кўра, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади. Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 822 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар эса 565 000 сўм этиб белгиланди.

Афсуски, ижтимоий тармоқларда айрим нохолис фикрлар ёзиб қолдирилаётгани сир эмас. Улар наздида, пенсия ва маошларнинг оширилиши инфляциянинг кучайишига, озиқ-овқат нархининг кўтарилиши ва миллий валютанинг қадрсизланишига олиб келади, қабилидаги постларни ҳам ўқиш мумкин. Балки 5-10 йил олдин шундай ҳолатлар кузатилган бўлиши мумкин. Аммо ҳозирги кунда бозорларда нисбатан барқарорлик ҳукм сурмоқда, нарх-навонинг асоссиз кўтарилишига йўл қўйилмаяпти.

Бугунги кунда юртимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб билиб турибмиз. Қувонарлиси, бу саъй-ҳаракатлар мунтазам давом эттирилиб, аҳоли даромадларини кўпайтиришга устувор аҳамият қаратилаётир. Айни пайтда коронавирус пандемияси оқибатида кўплаб давлатларнинг иқтисодий ҳолати танг аҳволда қолаётган бир даврда юртимизда аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган бу каби чоралар таҳсинга лойиқ. Энг муҳими, буни фуқаролар ўз ҳаёти мисолида ҳис қилиб, хотиржамликни туймоқда. Наҳотки, беписандлик билан эътирозли муносабат ёзаётганлар кейинги бир ҳафта ичида Президентимиз томонидан оғир шароитда яшаётган халқимиз қатлами оғини енгил қилишга қаратилган бир неча Фармон ва Қарорлар қабул қилинганини сезмаган бўлсалар. Пандемия туфайли дунёда молиявий қийинчиликлар юз бераётган маҳалда ҳар қайси давлатнинг ҳазинаси ҳам бундай оғир юкни кўтаролмайди. Шунга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, “Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистоннинг қудратидан ва давлатнинг халққа қайишқоқлигидан далолат беради.

Яна бир факт. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимларида ҳисобга олинган пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони шу йилнинг 1 март ҳолатига 3 миллион 865 мингга яқин кишини, яъни аҳоли сонидаги улушининг 11,2 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фикрича, “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармон ана шу рақамлар ортидаги инсонлар, қолаверса, миллионлаб ишчи-хизматчиларнинг оилаларига қувонч ва хотиржамлик улашгани, шубҳасиз. Фармоннинг давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан қабул қилингани бутун халқимизга, оилаларга янада байрамона кайфият бағишлагани, шубҳасиз.

 

Урал Ўразбаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш