Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоблари, мамлакатимизда энг азиз, энг улуғ айём – мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами шукуҳи кезиб юрган ушбу кунларда кенг жамоатчилик учун ўзига хос байрам туҳфаси бўлди, дейиш мумкин. Ўтган беш йил давомида юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган ва ҳар бир инсон ҳаётида намоён бўлаётган улкан тарихий ўзгаришлар мазмун-моҳияти, Янги Ўзбекистонни қуришнинг объектив зарурияти эканлиги, учинчи Ренессанс даврига туртки берган омилларга изоҳ бериб ўтар экан, давлатимиз раҳбари, “Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”, деб таъкидлаб ўтди.
Мулоқот чоғида, Президентимиз ёшлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. “Сиз менга ёшларингизни кўрсатинг, мен Сизга келажагингизни айтиб бераман”, деган экан донишмандлардан бири. Дарҳақиқат, замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади. Юртимиз ёшлари – нафақат эртанги кунимизнинг ворислари, балки бугунги кунда ҳам жамиятимиздаги етакчи кучига айланиб улгурди. Буларнинг барчаси, истиқлол йилларида, айниқса сўнгги беш йилда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигидандир. Юртимизда 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилингани фикримиз исботи. Шу ўринда мулоқот чоғидаги Президентимизнинг қуйидаги сўзларига эътиборимизни қаратсак.“Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Ҳолбуки, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатларимиз натижасидир.
Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу — умумий қамров 28 фоизга етди, деганидир. Ўзингиз қиёслаб кўринг, 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди. Бу борада давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, ўтган йилги тажрибамизни янги босқичга кўтариб, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган амалий эътиборимиз намунасидир”. Бундай эзгу ишларни саноғини яна анча давом эттириш мумкин. Мисол учун, ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши, иш жойи ва уйига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топиши, “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар ва “Болалар шаҳарчаси”нинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда. Янги тизим — “Меҳр дафтари” жорий этилмоқда.
Мамлакатимиз ёшларига берилаётган бу эътибор, шахсан Президентимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва яратилаётган шарт-шароитлар кўламидан қалбингиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлади. Инсон қадр-қиммат топаётган шундай жаннатмонанд юртда яшаётганингиздан севинасиз. Ўз ўрнида қўлга киритилаётган бу ютуқ ва муваффақиятлар, яратилаётган шарт-шароит ва ғамхўрлик бизни хотиржамликка ундамаслиги, аксинча янада катта марраларни забт этишга ундамоғи лозим. Ватан тақдирига, юрт тараққиётига бефарқ бўлмаган ҳар бир одам бугунги кунда “Ватан менга нима берди деб эмас, мен Ватанга нима бердим”, деб яшайдиган вақт келди.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.