Жойларда сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчиларнинг имзоларини тўплаш жараёни қизғин тус олмоқда. Бу борада яратилган қулайликлардан бири сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши, шаҳар ва туман кенгашлари ва бошланғич ташкилотлари масъуллари Марказий сайлов комиссияси томонидан партиянинг ваколатли вакилига тақдим этилган белгиланган тартибдаги имзо варақалари бланкаларини талаб даражасида тўлдиришга алоҳида эътибор қаратган. Сайловчиларга имзо варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада қатъий амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар тушунтирилмоқда. – Имзо варақасини тўлдириш жараёнлари корхона ва ташкилотларда, таълим, тиббиёт муассасалари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида сайлов қонунчилигига амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Нуриддин Нурлибаев. – Сайловчиларнинг ҳар бири бу муҳим жараёнга масъулият билан ёндашиб, юрт тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этмоқда.
Сиёсий партиялар узоғи билан сайловга 50 кун қолгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплашни ташкил этиши белгиланган. Ушбу жараёнлар ва учрашувларда сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли эканликлари тушунтирилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан партиянинг Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон туман кенгашиларида ўтказган тадбирларида партия фаоллари томонидан имзо тўлдириш тартиби, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, бўлажак муҳим сиёсий жараённинг мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамияти ва Сайлов кодекси ҳақида тушунтиришлар берилди.
ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши